Тараққиёт стратегияси: Биз таянган устунлар

27.01.2022, 16:32

Тараққиёт стратегияси: Биз таянган устунлар

Вақт - югурик. Кўз очиб юмгунча, кунлар ойларни, ойлар йилларни қувиб ўтаётгандек. Бироқ, ҳаётимизда тутган ўрни, нафақат бизнинг, балки келажак авлодларимизнинг тақдирига дахлдор мақсад ва вазифаларнинг қамрови, уларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланаётган ушбу кунларнинг ҳар бири асрларга таътигулик.

Бугун реал воқеликка айланган Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар энг аввало, одамлар дунёқарашида акс этаётгани сир эмас. Бугунги одамларимиз айнан, фикрлаши, дунёқараши билан бундан беш-олти йилги одамлардан кескин фарқ қилади. Бу ҳолат ҳатто кундалик гап-сўзларимизда ҳам акс этмоқда. Инсон қадри учун, деган ибора бугун барчанинг тили ва кўнглидан жой олиб улгургани фикримиз исботи.

Жорий йил 22 январь куни Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз, Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмаслигига, Инсон қадри деганда, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш назарда тутилаётганини, бу мақсадга эришиш учун дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш бош вазифа эканлигини таъкидлади. Зеро, “Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади”, – деди давлатимиз раҳбари.

2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, жорий йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича давлат дастури лойиҳаси ҳам янги стратегиядан келиб чиқиб тайёрланган. Очиқ муҳокамалар жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклифлар олинган. Улар таснифланиб ва умумлаштирилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ ташаббуслар билан тўлдирилган. Тараққиёт стратегияси 7 та устувор йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат.

Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик     398 та чора-тадбир кўзда тутилган.

Тараққиёт стратегиясида маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, халқ билан мулоқот тизимини такомиллаштириш, ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида амалга ошириш, хотин-қизларнинг ўқиши ва ишлаши учун имкониятларни янада кенгайтириш орқали улар орасидаги ишсизликни 2 бараварга қисқартириш, мулк ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш, маъмурий судлар ваколатларини кенгайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш, йўлларда хавфсиз шароит яратиш, транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш учун ҳаракатларни бошқариш тўлиқ рақамлаштириш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини комплекс ва жадал ривожлантириш, замонавий иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгиланган.

Келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.. Келгуси беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш мўлжалланган. Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, маънавият, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Мамлакатимиз қиёфасини, унинг дунёда тутган мақеи ва обрўсини, энг муҳими одамларимизнинг турмуш даражасини ижобий томонга ўзгартириб юборадиган бу мақсад ва вазифалар амалга ошишига эса шубҳа йўқ. Чунки, Президентимиз айтиб ўтганидек, биз  Янги Ўзбекистонни бунёд этишда иккита мустаҳкам устунга, яъни бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умумбашарий ғояларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз.

Эркин ХОЛМАТОВ,

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

  • Кўрилди
    321
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+