Ажратилаётган маблағ ҳар бир хонадонга етиб бориши лозим...

27.01.2022, 16:46

Ажратилаётган маблағ ҳар бир хонадонга етиб бориши лозим...

Бугун халқимиз онгу тафаккурига “Янги Ўзбекистон”, “Янги Ренессанс”, “Тараққиёт стратегияси” каби терминлар кириб бораяпти ва бу ҳар бир фуқарони шу юртни севишга, шу муқаддас заминга муносиб фарзанд бўлишга ундаб турибди. Бугун қайси гўшага ёки қайси бир вилоятнинг чекка ҳудудига борманг, одамлар янгиланишлар, тараққиёт ва мамлакат истиқболи ҳақида фикр юритади. Бу албатта, юрт эртасига ишонч ва эътиқоднинг ёрқин намунасидир.

Президентимиз Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида айтганидек, тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун 100 та мақсад” белгилаб олинди. Кўраяпсизми, 100 та мақсад-а! Бу дегани халқимизнинг юздан ортиқ муаммоларини ҳал этиш, мамлакат тараққиёти ва истиқболи йўлида собитқадамлик билан иш олиб боришдир.

Кимдир Тараққиёт стратегияси бу  - раҳбарлар амалга ошираётган дастур деб ўйлаши мумкин. Бу мутлақо нотўғри. Тараққиёт стратегияси халқимиз билан биргаликда, ҳар бир фуқаро иштирок этадиган, ҳар бир фуқаро фикри инобатга олинадиган ва улар учун енгилликлар ҳамда имтиёзлар яратиладиган дастурдир.

Кейинги 5 йилликка мўлжалланган тараққиёи стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Демак, давлат шунча маблағ ажратаяпти, бу маблағни маҳаллага, ҳар бир хонадон манфаати учун етиб боришига ким масъул? Албатта, маҳаллий Кенгаш депутатлар, қолаверса, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари бу борада фаоллик билан иш олиб боришлари муҳимдир. Қолаверса, Президентимиз видеоселектор йиғилишида  "Барча саъй-ҳаракатларимиз, ажратилаётган маблағлар маҳалла ва хонадонларгача аниқ етиб бориши ва ҳар бир оила фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шарт” деб айтди.

Фаоллик, ташаббускорлик ва фидойилик ҳар биримизнинг шиоримизга айланиши лозим. Зеро, Тараққиёт стратегияси бу халқимизнинг фаровонлиги ва тўкинчилигининг муҳим манбаидир.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    145
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+