Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириб турувчи устунликларини ривожлантириш йўлида

29.01.2022, 14:43

Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириб турувчи устунликларини ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон халқи ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва фаровон жамият қуришдек улуғ мақсадлар билан яшамоқда. Шундан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев ўтган йилги Президент сайловида “Инсон қадри учун”, “Давлат — инсон учун” деган ғояларни илгари сурган эди. Уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, аҳолининг фикр ва таклифлари асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Унда еттита устувор йўналишлар қаторида  “очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат юритиш” ҳам бор.

Мамлакатимиз иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқадиган ушбу кенг миқёсли режалар, янги ишлар ва ташаббусларни амалга ошириш асосий  савдо ҳамкорларимиз билан муносабатларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш билан боғлиқ бўлиб, улардан биринчиси – Хитойдир. Бугунги кунда давлатлараро муносабатлар икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва  Си Цзинь Пин ўртасида ўрнатилган ишончли шахсий муносабатларга асосланади.  

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка терроризм, экстремизм, сепаратизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, ноқонуний қурол савдоси ва хавфсизлик соҳасидаги бошқа таҳдидларга қарши курашиш масалалари бўйича қарашларнинг мос келиши ёки яқинлиги ёрдам бермоқда.  

Мамлакатларимиз ўртасидаги Савдо-иқтисодий келишувга кўра, энг кўп қулайлик режими ўрнатилган. Бунинг самарасида бугун Хитой Ўзбекистонниннг савдо ҳамкорлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, яқин йилларда ташқи савдо айланмасини 10 миллиард долларгача етказиш вазифаси қўйилган.

Бугунги  кунда томонлар ўртасида  юқори даражадаги  сиёсий ишонч сақланиб турибди, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги  ҳамкорлик изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон  ХХР билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатдорлик ва  манфаатларни ҳисобга олиш, тенг ҳуқуқлилик тамойилларига асосланган кўп қиррали савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни  кенгайтиришга устувор аҳамият қаратади.

Жорий йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганига ўттиз йил тўлди, бу мамлакатларимиз ўртасидаги минг йиллик дўстона алоқалар тарихида яна бир муҳим босқичдир. Бу қисқа давр ичида замонавий давлатлараро муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик  даражасигача кўтарилди, давлатлар деярли барча соҳаларда ўзаро манфаатли  ҳамкорликни йўлга қўйишди.

Буларнинг барчаси Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинь Пин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида ўз аксини топди.

Учрашувда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида  халқаро жамоатчилик эътиборини тортган қатор  ташаббусларни илгари сурди.

Тўсиқларсиз савдони таъминлаш, умумий савдо кооперацияси ва маҳаллийлаштириш маконини шакллантиришга қаратилган “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқоти янги стратегиясини ишлаб чиқиш таклифини алоҳида  таъкидлаш жоиз. Бизнингча, минтақамиз корхоналари учун бу ўрнатилган қувватлардан оқилона фойдаланиш, бандликнинг ўсишига  ёрдам берадиган  мавжуд ресурслардан  мукаммал фойдаланиш самарасида, Хитой кўмагида юқори ишлаб чиқариш самарадорлигига эришиш имконини берувчи самарали ва замонавий усулдир. Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё мамлакатларидаги ижтимоий аҳволнинг яхшиланишига  ёрдам беради.

Йирик корхоналар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари  ўртасида давлатлараро саноат кооперациясини  кенгайтириш, минтақавий ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш жараёнларини  чуқурлаштириш,  маҳаллий хомашё ресурслари негизида  импорт ўрнини босувчи ва Марказий Осиё  ички бозорини  зарур  истеъмол  маҳсулотлари,  дори воситалари, ишлаб чиқариш-техника мақсадлар учун мўлжалланган маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар билан тўлдиришни таъминловчи  ишлаб чиқаришларни  ташкил қилиш саноат ўсишини таъминлашнинг муҳим ва ажралмас  омил  бўлиб хизмат қилади.

Амалга оширишнинг аҳамияти шунингдек, жаҳон иқтисодиётида  кўплаб муаммоларни  келтириб чиқарган  коронавирус пандемияси билан ҳам  боғлиқдир. Дунё миқёсидаги  кўплаб сонли саноат корхоналари учун  чегараларнинг ёпилиши ва  логистика занжирларининг  бузилиши  муҳим элементлар ва бутловчи буюмларни етказиб беришда узилишларга олиб келди. Натижада, кўп мамлакатлар  импорта жиддий эътибор беришдан воз кечиб, ички минтақавий бозор учун жуда муҳим бўлган  маҳсулот ишлаб чиқаришни  кенгайтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг яна бир муҳим ташаббуси “Хитой – Марказий Осиё” йўналиши бўйлаб  юк оқимининг узлуксизлигини таъминлаш ва  трансминтақавий  логистика тармоқларини  ривожлантириш учун  тизимли ечимлар  ишлаб чиқишнинг фавқулодда муҳимлиги бўлди. Хусусан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий рўёбга чиқаришга жорий йилдаёқ киришиш таклиф этилди. Ушбу йўлак  Европага юк ташишнинг энг қисқа йўналишига айланиши мумкин, демак, у минтақамиздан  Транскавказ йўлаги орқали Шарқий Европага юк ташиш имконини беради.

Шу боис, барча томонлар бу лойиҳага катта қизиқиш билдиришмоқда. Масалан, Ўзбекистон темир йўл соҳаси вакиллари ушбу ташаббусни лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишларини режалаштиришда фаол иштирок этишди. Чунки  бу ҳудуд  Ангрен-Поп  йўналишига ўхшайди, бу ерда  кўплаб сонли  муҳандислик иншоотлари, туннеллар ва кўприклар барпо этилиши керак бўлади.

Экспертларнинг  фикрича, “Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли Иккинчи континентал  транспорт кўпригининг  жанубий йўлагини  очибгина қолмай, учта мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун янги бозорларни ташкил этиш  имконини ҳам беради.  

Лойиҳанинг дастлабки параметрларига кўра, Шарқий Осиёдан  Жанубий Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларигача бўлган масофа 900 километрга, юкларни етказиб бериш муддати эса, 7-8 суткага қисқаради. Бундан ташқари, қурилиш Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфртатузилмасини ривожлантиради, уларнинг Форс кўрфази ва Тинч океани портларига қулай чиқишини таъминлайди, минтақа мамлакатларининг табиий ресурсларни  ўзлаштириши ва фойдаланишини  кучайтиради.

Ўзбекистон Президентининг навбатдаги ташаббуси пандемия даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан тез ўсиб бораётган эҳтиёжларини  қондириш бўйича  яқин ҳамкорлик қилиш ва аввалдан қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш стратегик зарурати бўлди.

Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон учун ҳам  аграр тармоқни модернизация қилиш, шўрланган ва шўрхок ерларда экинлар етиштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасида  ишлаб чиқариш занжирларини йўлга  қўйишда Хитой тажрибаси ва ушбу мамлакат билан  ҳамкорлик қилиш  катта қизиқиш уйғотади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги Хитойда 300 миллион нафардан ортиқ фермерларни иш билан таъминлаган муҳим соҳадир. Бу мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи, уларни импорт қилиш бўйича иккинчи ўринда туради. Айнан шу боис, ХХР инновацион ва аграр технологияларни  аграр соҳага фаол жорий этган ҳолда,  кўп йўналишлар бўйича етакчи бўлди. Гарчи Хитойда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб  чиқариш бўйича дунёда етакчи бўлсада, унинг умумий майдонининг атиги 10 фоизигагина ишлов бериш мумкин.

Хитой компаниялари қишлоқ хўжалигидаги жараёнларни рақамлаштириш учун  турли дастурлар ва иловалар ишлаб чиқишмоқда.  Бутун Хитой бўйлаб  замонавий қишлоқ хўжалиги  саноат парклари  ташкил қилинмоқда. Томчилаб суғориш, ақлли ўлчаш, ҳосилдорликни тақсимлаш, зараркунандаларга қарши  комплекс курашиш ва ер таркибини  ўрганиш каби инновациялар инсон меҳнатини  камайтириш имконини бермоқда.

 Шавкат Мирзиёев учрашув чоғида камбағалликни қисқартиришни аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти деб атаб, IT-парклар негизида қўшма “Интеллектуал Ипак йўли” платформасини яратиш, муқобил энергетика соҳасида инвестициявий ва технологик ҳамкорликни жадаллаштириш, шунингдек, юқумли кассаллкларга қарши курашиш каби йўналишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки, ўтган 30 йилда  Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар  жадал ва барқарор тус олди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар Ипак йўлининг Иқтисодий маконини барпо этиш ташаббуси доирасидаги муҳим вазифани ҳал этиш, яъни савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш,  Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириб турувчи устунликларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу  имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш бўйича умумий ишларга ўзининг муносиб  ҳиссасини қўшади.

Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши 

Ижроия қўмитаси  раиси

  • Кўрилди
    364
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+