Тараққиёт стратегияси доирасида O'zLiDePнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди

31.01.2022, 11:57

Тараққиёт стратегияси доирасида O'zLiDePнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги Фармонидан келиб чиқадиган партия олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидландики, Фармон билан кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Еттита устувор йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат бўлган Тараққиёт стратегиясининг барча йўналишлари аҳоли фаровонлиги, инсон қадрини улуғлаш ғояси мужассам этилган бўлиб, унда халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш каби қатор янги марраларни забт этиш кўзда тутилмоқда.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш борасида O'zLiDePнинг аниқ чора-тадбирлар режаси “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва уни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари шакллантирилди.

Келгуси беш йилликда мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитларни яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Бу мақсадларни амалга оширишда мамлакатда қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини кўллаб-қувватлаш, ҳудудларда янги саноат зоналарини ташкил этиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгадир. Шундан келиб чиққан ҳолда партия ушбу йўналишда қатор лойиҳаларни, тадбирларни амалга оширишни мақсад қилган. Хусусан, тадбиркорлик ривожига халал бераётган омилларни аниқлаш ва шундан келиб чиқиб, соҳага доир қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, хусусий бизнесга дахлдор жараёнлар устидан қатъий партиявий ва депутатлик назоратини ўрнатади. Шунингдек, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёш инноваторлар клуби”, “O’zLiDeP ёшлар бизнес тури”, “Ёш муваффақиятли тадбиркор”, “Ишбилармон аёл”, “Бугуннинг тадбиркор аёли”, “Менинг бизнес ғоям” каби бир қатор партиявий лойиҳалар амалга оширилади.

Стратегияда рақамли иқтисодиётни “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баробар, уларнинг экспортини эса 10 баробар ошириш мақсад қилинди. Бу борада “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги чора-тадбирлар ижроси устидан ҳудудлар кесимида жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга ошириш, парламент эшитувини ташкил қилиш, “Рақобатбардош Ўзбекистон концепцияси”ни ишлаб чиқиш бўйича партиянинг аниқ асослантирилган таклифларини бериш кўзда тутилган.

Иқтисодиётнинг яна бир муҳим йўналишлардан бири мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йилда 120 млрд долларлик, жумладан 70 млрд долларлик хорижий инвестицияларни жалб этиш чоралари кўрилади. Ушбу мақсадлар йўлида партия фракцияси ва депутатлик корпуси вакиллари томонидан инвестициялар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида ягона Инвестиция кодекси ишлаб чиқилади.

Тараққиёт стратегиясида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди. Ушбу лойиҳаларнинг бажарилиши устидан парламент ва депутатлик назорати ўрнатилади, шунингдек “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларни аниқ бир экин турига ихтисослаштириш, тажрибали фермер ва тадбиркор аёллар тажрибасини оммалаштиришга қаратилган “Намунали томорқачи” лойиҳаси амалга оширилади.

Партия йўл харитасида қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш борасида ҳам қатор вазифаларни белгилаб олмоқда. Хусусан, маҳаллий кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари регламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланади. Шунингдек “Давлат назорати тўғрисида”, “Давлат бошқаруви асослари тўғрисида”, “Электр энергетикаси тўғрисида”, “Табиий газ тўғрисида”, “Табиий монополиялар тўғрисида”, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”, “Тупроқ унумдорлиги тўғрисида”ги ва бошқа зарур қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади, баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Умуман олганда, партия Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшади, бу йўлда бор куч ва имконияларини тўлиқ сафарбар этади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.  

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    866
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+