Инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим йўналиш

31.01.2022, 16:00

Инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим йўналиш

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 26 январь куни 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида инсон қадрини улуғлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Бу адолатли, эркин ва фаровон жамият қуришдек улуғвор мақсад билан яшаб келаётган кўпмиллатли халқимизни ниҳоятда тўлқинлантиргани айни ҳақиқат.

Таъкидлаш жоизки, чуқур ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” ғояси асосида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

Маълумки, дастурнинг халқчиллиги шундаки, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилгач, кенг жамоатчилик томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Жорий йилги “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича Давлат дастури лойиҳаси ҳам янги стратегиядан келиб чиқиб тайёрланган. Очиқ муҳокамалар жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклиф келиб тушиб, Давлат дастурини такомиллаштириш  жараёнида 300 дан ортиқ янги ташаббус билан тўлдирилди.

Давлат дастурининг айнан учинчи “Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш” устувор йўналишида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллион нафардан ошириш ҳамда республикага ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 9 миллион нафарга етказиш белгиланган.

Ушбу йўналишда туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш, бунда Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлиги белгилаб берилган.

Эътиборли томони Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасининг айнан Мўйноқ туманига бўлган алоҳида эътибори натижасида кейинги беш йилда мазкур ҳудуд аҳолисини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилди. Туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш, мавжуд табиий ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини кенг жалб этиш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мухтасар қилиб айтганда, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Сағиндиқ Турманов,

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани

қўллаб-қувватлаш вазири, O’zLiDeP Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши раиси.

  • Кўрилди
    316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+