Тараққиёт стратегияси: Таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди

04.02.2022, 15:16

Тараққиёт стратегияси: Таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ва мақсадларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган махсус давра суҳбатлари ва ўқув-семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 3 февраль куни O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан биргаликда ҳар бир фуқарога аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, олий таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, инновацион таълимни ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир давомида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, сифатли таълим-тарбия ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишидаги устувор мақсад ва вазифалар, уларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш, касбга ўқитишда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини ошириш, мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш, мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш каби мавзулар бўйича тақдимотлар, тушунтиришлар, савол-жавоблар, кенг муҳокама ва мунозаралар бўлди ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар билдирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан юқорида билдирилган вазифалар ижросини таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш, уларни янада такомиллаштириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳамда амалий механизмлар батафсил тушунтирилди. Ушбу йўналишдаги мақсад ва вазифаларни амалга оширишга бевосита масъул бўлган ҳар бир вазирлик ва идоранинг чора-тадбирлар режаси ҳамда “йўл харитаси” таништирилди ва муҳокама қилиниб, таклифлар билдирилди.

Мулоқотда давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 январь куни таълим ислоҳотлари билан боғлиқ видеоселекторда билдирган топшириқларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу видеоселекторда Президентимиз «Нажот таълимда, нажот мактабда, нажот билимда» деган фикрни эътироф этарканлар, таълимга эътибор ватан тақдирига дахлдор эканлигини яна бир бор уқтирганлари бежиз эмас, албатта.

Тадбир якунида O`zLiDeP ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия фаоллари ва эксперт гуруҳлари томонидан тизимли ишлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқлаб олинди.

Насимжон Алимов,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Сиёсий таълим маркази раҳбари.

  • Кўрилди
    1385
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+