Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси партиямизнинг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳангдир

07.02.2022, 14:47

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси партиямизнинг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳангдир

Бу ҳақда гап кетганда шуни мамнуният билан эътироф этишни истар эдимки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси халқ муаллифлигида қабул қилинди ва унда партиянинг вилоят Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ва аъзолари ўзларининг таклифлари билан фаол иштирок этишди. Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, стратегиянинг халқ муҳокамасига қўйилгани депутатларимиз, партия фаолларимизнинг қанчалик даражада  юрт тақдирига  дахлдорлигини, инсон қадри учун куюнчаклигини кўрсатмоқда.

Демак, бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, юртдаги янгиланишлар ва ривожланишларга халқимиз бефарқ эмас. Халқ тафаккуридаги юрт тараққиёти ва равнақига дахлдорлик ҳиссининг юксалишида мамлакатимизда инсон, жамият, давлат тамойилининг амалга оширилаётгани, давлатимиз раҳбари томонидан “инсон қадри” учун ғоясининг илгари сурилаётгани муҳим ўрин эгалламоқда.    

Яна бир мисол келтирадиган бўлсам, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма мажлисида Янги Ўзбекистон стратегиясида акс эттирилган  еттита устувор йўналиш ва 100 та мақсадни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Стратегиянинг  2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури партия фаоллари ва депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Хўш, Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда партиянинг вилоят кенгаши ва унинг туман ва шаҳар Кенгашлари олдида турган вазифалар нималардан иборат? Энг аввало шуни мамнуният билан эътироф этишни истар эдимки, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси партиямизнинг дастурий мақсадларига ҳамоҳанглиги билан диққатга сазавордир. Бир мақсад ва бир маслак йўлида қилинаётган бу саъй-ҳаракатлар албатта ўзининг ижобий самараларини бериши табиий.

Қўшма мажлисда O’zLiDeP ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси учун долзарб бўлган вазифалар кўриб чиқилди ва бу анжуманда белгиланган вазифалар асосида партиянинг Қашқадарё вилоят Кенгашида фаоллар билан йиғилиш ўтказилди. Унда қарорда кўриб чиқилган вазифалар асосида фаолиятимизни тизимли ташкил этиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи тузилди. Эндиликда Фармондан келиб чиқиб, партия ташкилотлари иш режалари қайта кўриб чиқилмоқда. Депутатлик гуруҳлари иш фаолиятини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими эса вилоятдаги мавжуд БПТлар билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйиш, айниқса, депутатлик эшитуви ҳамда депутатларнинг жойлардаги муаммоларни туман ва шаҳар Кенгаши сессияларига олиб чиқишини йўлга қўйиш бўйича самарали иш олиб борилмоқда.

Зотан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида инсон қадрини улуғлаш, халқпарвар ва инсонпарвар давлат  барпо этишдек юксак мақсадлар қўйилган экан, уни амалга оширишда партиянинг вилоят Кенгаши ва унинг жойлардаги партия ташкилотлари фаоллик билан иш олиб боришади ва жонажон Ўзбекистонимизнинг гуллаб яшнаши ҳамда равнақ топишига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишади.

  Арзиқул Шеров,

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

 раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари.

  • Кўрилди
    320
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+