Иссиқхонада ишсиз хотин-қизлар учун мастер-класс ўтказилди

07.02.2022, 14:55

Иссиқхонада ишсиз хотин-қизлар учун мастер-класс  ўтказилди

Тўраева Заҳрохон Улуғнор тумани “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Олға” кўчасида истиқомат қилади. Бугун бу инсонни нафақат тумандагилар, балки вилоятда ҳам ер билан тиллашган инсон, моҳир томорқачи сифатида яхши биладилар. Узоқ-яқиндан тажрибасини ўрганишга келувчиларнинг кети узилмайди. Демак, меҳнатдан барака, ҳалолликдан файз, ердан олтин топган ер эгаси у.

2016 йилда 6 сотих ер майдонида лимон етиштириш билан фаолиятини бошлаган Заҳрохон опанинг бугун шогирдлари ҳам талайгина. Лимонария ортидан топаётган даромади дастурхонига барака, хонадонига ризқу мўлчилик олиб кираётгани маълум.

- Оилавий тадбиркорлигимиз орқали маҳалладаги “темир дафтар”даги 5 нафар аёлларни мавсумий бандлигини ҳам таъминладик. Харидорларимиз доимий мижозларга айланишди. Мана, шу томорқачиликнинг ортидан тўй қилдик, уй-жой қиляпмиз. Ер билан тиллашиб, диллашиб кам бўлмадик, - деди томрқачи опа.

Дарҳақиқат, моҳир томорқачининг суюнганича бор. Айни кунда 6 сотих ер майдонида етиштирилаётган лимон ҳосили маҳаллий бозорни тўлдирибгина қолмай қўшни  давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. 

O’zLiDeP Улуғнор туман Кенгаши Аёллар қаноти гуруҳи томонидан мазкур хонадонда ташкил этилган амалий семинарда томорқачиликнинг сир-асрорлари билан яқиндан танишилди. Партия фаоллари ҳамда хайрихоҳлари бўлган хотин-қизларнинг ушбу йўналишдаги қизиқишлари “Намунали томорқачи” мавзусидаги мастер-класс машғулотидан сўнг аниқ мақсадга айлангани уларнинг фикрларида намоён бўлди.

-Яшаш хонадонимда икки сотихдан иборат томорқам бор, - дейди шу маҳаллада яшовчи Саидахон Мамадалиева. – Очиғи, шу кунга қадар бу хонадондаги лимон етиштириш сирларига қизиқмаганимга афсусландим. Мана, ҳечдан кўра кеч яхши. Партия Аёллар қаноти ташаббуси билан ўтказилган бугунги тадбир туфайли ўз томорқамда лимон етиштиришни йўлга қўйишга аҳд қилдим. Бунинг учун Захрохон Тўраевадан зарурий маслаҳат ва тавсияларни олдим.

Бўлиб ўтган семинарда Саидахон Мамадалиева сингари томорқачилик йўналишида фаолият бошламоқчи бўлган хотин-қизларга ҳам қизиқиш уйғотди.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    350
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+