Тараққиёт стратегияси: Мамлакатимизда қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш масаласи муҳокама қилинди

09.02.2022, 18:18

Тараққиёт стратегияси: Мамлакатимизда қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш масаласи муҳокама қилинди

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида O'zLiDePнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш борасида партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари шакллантирилган эди.

Бугун O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва бир қатор вазирлик, ташкилотлар, партия фаоллари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида Давлат дастурида белгилаб берилган мамлакатимизнинг инвестицион муҳитини янада яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш йўналишида амалга ошириладиган ишлар ҳамда партия депутатлик корпуси ва жойлардаги Кенгашлари олдида турган устувор вазифалар муҳокама марказида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш масаласига ҳам партия жиддий ёндашяпти. Бу борада  амалга оширилаётган чора-тадбирлар, қонунчиликнинг амалиётга татбиқи устидан кучли парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш кўзда тутилган. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда марказда ва жойларда қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар мониторингини ташкил этиш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсад қилинган.

Келгуси беш йилда 120 млрд доллар, жумладан 70 млрд доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш мамлакатимиз иқтисодиёти, хусусан, хусусий секторни янада ривожлантиришга катта ижобий туртки беради. Партия ўз ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанг ушбу вазифа бажарилиши бўйича ҳам тизимли иш олиб боради. Бу борада Қонунчилик палтасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳар бир вилоятда лойиҳаларни молиялаштириш учун Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси иштирокидаги “Холдинг компания” ташкил этилади ва унинг фаолияти бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади. Шунингдек Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуси вакиллари томонидан инвестициялар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида ягона Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш бўйича аниқ ва асосли таклифлар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари Бизнес-омбудсман билан ҳамкорликда  Инвестициявий омбудсман институти ташкил этилади, хорижий сармоядорлар учун тайёр инвестицион пакетларнинг электрон базасини шакллантириш ва тақдим этиш тизими янада такомиллаштирилади. Энг самарадор тадбирлардан бири шуки, партия тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар бир ҳудуд кесимида ва уларнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда инвестицияларни жалб қилишга тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлаш бўйича депутатлик назоратини йўлга қўяди ҳамда назорат-таҳлил натижалари асосида тегишли қонунчиликни такомиллаштириш борасида таклифларни ишлаб чиқиб, парламент муҳокамасига киритади.

Бир қатор масъул вазирликлар, тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан бўлиб ўтган мулоқотда қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди, шунингдек ушбу йўналишда белгилаб олинган вазифаларни ижросини таъминлашда, ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди. 

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    577
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+