Навоий таваллуд топган сана юртимизнинг барча гўшаларида кенг нишонланмоқда

09.02.2022, 18:27

Навоий таваллуд топган сана юртимизнинг барча гўшаларида кенг нишонланмоқда

Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда. Мамлакатимизда улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш, уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Бугунги қутлуғ сана юртимизнинг барча гўшаларида кенг нишонланаётир. Зеро, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш юксак маънавиятни шакллантиришнинг муҳим омилидир.

O'zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси ҳамкорликда ҳазрат Алишер  Навоий  таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий шарқнинг буюк шоири, мутафаккири ва давлат арбоби” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  раиси Сирожиддин Саид ҳамда O'zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Равшан Фазилов очиб бердилар. Бугунги мураккаб глобаллашув замонида ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда Навоий мероси ғоят долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Тадбирда бир қатор шоирлар, маданият ходимлари, шаҳар ва туман депутатлари ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар шоирнинг асарларида улуғлаган юрт равнақи, ободлиги, осуда ва фаровон ҳаёт, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро тотувлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини асраб-авайлашдек эзгу ғоялар мужассам эканлигини эътироф этишди.

Сўнгра, бадиий чиқишга навбат берилиб, Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари томонидан “Навоий ва Гули” образидан парча ижро этилди.

Тадбирда сўзга чиққан ёшлар, мамлакатимизда мустақиллик йилларида шоир хотираси абадийлаштирилгани унинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда чексиз истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади, улар томонидан Навоий ижодидан намуналар тингланди.

 Албатта, маънавият ва маърифатни юксалтириш, баркамол авлодни вояга етказиш, она тилимиз, миллий адабиётимиз равнақида улуғ шоир, мутафаккир Алишер Навоий ижодининг аҳамияти беқиёсдир. Ўзбекистонда Навоий меросини ўрганиш, асарларини нашр этиш, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бир қатор аъзолари, шоирлар ва ёзувчилар партия сафига қабул қилиндилар ва уларга тантанали равишда аъзолик гувоҳномалари топширилди.

  • Кўрилди
    296
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+