Тараққиёт стратегияси: Рақамли иқтисодиётни “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажми камида 2,5 баробар оширилади

10.02.2022, 12:15

Тараққиёт стратегияси: Рақамли иқтисодиётни “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажми камида 2,5 баробар оширилади

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан таркиб топган ишчи гуруҳнинг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Таъкидлаш жоизки, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида O'zLiDePнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳар бир йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилган эди.

Стратегияда рақамли иқтисодиётни “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баробар, уларнинг экспортини эса 10 баробар ошириш мақсади ҳам белгиланган эди.

Ишчи гуруҳ йиғилишида ушбу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Партия бу йўналишда ҳам муайян вазифаларни бажаришни ўз зиммасига оляпти. Жумладан: Иқтисодиёт реал секторида ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларини рақамлаштириш чора-тадбирлари ижроси устидан ҳудудлар кесимида жамоатчилик ва депутатлик назорати амалга оширилади. Шунинг баробарида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги чора-тадбирлар дастури шаҳар ва туманлар кесимидаги кўрсаткичлари шакллантирилади.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги чора-тадбирларнинг шаҳар ва туманлар кесимидаги ижросини маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан ҳар ойда таҳлил қилиб бориш тизими ҳам йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, партия парламентдаги ўз фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари билан бирга барча аҳоли масканларини ва ижтимоий объектларни кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш, мамлакатда дастурий таъминот тизимини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларни ўрганиб, уларни бартараф қилиш ва соҳага мутахассисларни кенг жалб қилишни таъминловчи тегишли хуқуқий базани шакллантиради ва зарур қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритади.

Мулоқотда қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди, шунингдек ушбу йўналишда белгилаб олинган вазифаларни ижросини таъминлашда, ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди. 

Шараф Азбергенов,

O'zLiDeP сектор мудири,

Ишчи гуруҳ котиби

  • Кўрилди
    471
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+