Умумбашарий муаммоларни барча инсонлар биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳал қилиши зарур

11.02.2022, 15:20

Умумбашарий муаммоларни барча инсонлар биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳал қилиши зарур

Аввал хабар берилганидек, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида O'zLiDeP “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Стратегиянинг ҳар бир устувор йўналиши бўйича барча бўғинлардаги бир қанча депутатлар ва партия тузилмалари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилди.

Стратегиянинг “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” устувор йўналиши бўйича ҳам ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади. Бугун унинг йиғилиши бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳ аъзолари Стратегиянинг тилга олинган йўналишидан келиб чиққан ҳолда жорий йил мобайнида амалга оширилувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқдилар.

Номланишидан ҳам аёнки,  умумбашарий муаммолар чегарани билмайди, қаерда яшаши, миллати, ёши, жинси, касб-коридан қатъи назар, барча одамларга бирдек дахлдор. Айтайлик, ер юзидаги ҳеч бир кишининг “коронавирус менга зиён-заҳмат етказолмайди” дея иддао қилиши кулгилидир.    

Турган гапки, глобал муаммоларни бирор идора ёки ташкилот ҳал қилолмайди. Уларнинг ечимини топиш, лоақал салбий таъсирини камайтириш учун ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишлаши, биргаликда ҳаракат қилиши даркор. Ишчи гуруҳ ана шуларни ҳисобга олган ҳолда ташкилотлар, муассасалар билан ҳамкорликда амалга оширилувчи турли шакллардаги тадбирлар режасини тайёрлади.  

Масалан, амалдаги йил давомида Орол денгизи қуриши оқибатида юзага келаётган муаммолар ечимига қаратилган ишларнинг бориши устидан депутатлик назорати натижалари, бу йўналишдаги айрим камчиликларга жамоатчилик эътибори қаратилиши мўлжалланяпти. Нуқсонларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Шунингдек, “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлар олдидаги ер майдонларига  кўчат, буталар, гуллар экилади.

  ОТМ талабалари иштирокида  “Мен эккан ниҳол!” шиори остида манзарали ва мевали дарахтлар ўтқазиш акцияси ўтказилади.  Кўчатларни аъло даражада парваришлаганларга партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари мукофоти таъсис этилади.

 Коррупцияга қарши кураш доирасида  турли соҳалар вакиллари ҳамда талабалар – жами 800 кишини қамраб олган “Ўтган йили сиз таъмагирлик ҳолатларига дуч келдингизми?”  онлайн сўровномаси ўтказилади ва унинг натижалари ОАВда эълон қилинади, шунингдек, сўровнома натижаларини таҳлил қилиниб, умумлаштирилиб, ОМҚПдаги ЎзЛиДеП фракциясига тақдим қилинади.

Мутасаддилар билан биргаликда яқинда уйига қайтган мигрантларни қийнаётган муаммолар муҳокама қилинади, уларга ёрдам бериш йўллари ишлаб чиқилади.  

Ана шу ва бошқа тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш учун ишчи гуруҳ аъзолари бутун куч ва имкониятларни ишга солади. 

 Беҳзод Исроилов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими,

ишчи гуруҳ аъзоси

  • Кўрилди
    2379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+