Гулистон туманидаги “Агроҳамкор томорқа хизмати” МЧЖда семинар ташкил қилинди

18.02.2022, 18:31

Гулистон туманидаги “Агроҳамкор томорқа хизмати” МЧЖда семинар ташкил қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Сирдарё вилояти Гулистон туманида аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш борасида учрашувлар ўтказди.

“Агроҳамкор томорқа хизмати” МЧЖда ташкил қилинган учрашувда Сайҳунобод, Боёвут, Мирзаобод туманлардаги фермерлар, ҳоким ёрдамчилари, маҳалалардаги ёшлар етакчилари ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур томорқа хизмати томонидан шу кунга қадар аҳолига 2000 мингтагача товуқ тарқатилди. 20 дан ошиқ хонадонларда асалари боқиш йўлга қўйилди. Масалан, хонадон талабидан келиб чиқиб 5 та асалари уясидан йилига 90 килограммдан асал олинади. Бу йилига 6 млн. сўмдан ортиқ соф даромад дегани.

- Беш йилдан буён иссиқхонада бодринг етиштирамиз, - дейди тадбиркор А.Тўраев. - “Агроҳамкор томорқа хизмати” МЧЖ билан ҳамкорликда 6 сотих жойга унинг ҳудудида иссиқхона қурдик. Бу йил дастлабки ҳосилни оламиз. МЧЖнинг хизматидан фойдаланиш керак, маслаҳат ҳам, техника ҳам етарли. Мурожаат қилсангиз бўлди.

Давра суҳбатида иштирок этган партия етакчиси Актам Хаитов республиканинг барча туманларида томорқа хизматлари ташкил қилинаётганлиги, кенгаш ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, бу имтиёзлардан фойданланган ҳолда ихчамгина иссиқхоналар ташкил қилиш лозимлиги борасида кўрсатмалар бериб ўтди.

- Сирдарё вилоятида боғ қилишнинг алоҳида технологияси бор, - деди А.Хайитов. - Бу вилоятда шўрхок ва зах майдонлар бор. Бу жойларга томири  ер устида ёйиладиган “карлик” навли мевали дарахтлар экиш керак. Шунда улар узоқ йил ҳосил бериши тайин. Боғ қилиш учун субсидия ва кредитлар ажратилган. Боғ ҳам мева, ҳам полиз экинлари учун қулай имконият. Буларнинг ҳаммаси аҳоли ўзини ўзи боқиши, бозорларимиз обод бўлиши учун.

Кўргазмага қўйилган хонадонлар, чорвадорлар учун асқотадиган асбоб-ускуналар кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Айниқса, маккани сўтаси ва пояси билан бирвақтда майдалаб берадиган, шоли ва буғдойга мўлжалланган мини тегирмонлар қишлоқ аҳолиси учун қулайдир. Дарахтларни, полизларни дориловчи ускуналар, дарахтларни экишга жой ҳозирлашда ишлатиладиган бурамалар, сигир соғиш аппаратлари қишлоқ хўжалиги соҳасига асқотиши тайин.

Тадбирда иштирок этган туман ҳокими ёрдамчиларидан бир гуруҳига ЎзЛиДеП  аъзолик гувоҳномалари берилди.

Партия раҳбари Актам Хаитов билан бўлиб ўтган учрашув қизғин мунозараларга, муаммоларнинг ечимига сабаб бўлди.

                                              O'zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    656
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+