Янгиҳаёт ва Сергели туманларига ташриф: Ривожланишнинг янги босқичи

21.02.2022, 17:28

Янгиҳаёт ва Сергели туманларига ташриф: Ривожланишнинг янги босқичи

Жорий йилнинг 18 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ва Сергели туманларига ташриф буюрди. Қатор ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари билан танишди, маҳалла фаоллари билан мулоқот қилди ҳамда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Жумладан, Президентимиз Янгиҳаёт туманидаги “Almerro group” масъулияти чекланган жамиятининг қандолат корхонасини кўздан кечирди. Умумий қиймати 70 миллиард сўм бўлган ушбу корхонанинг биринчи босқичи ўтган йили ноябрда ишга туширилган. Корхона йилига 2 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга. 120 киши иш билан таъминланган. Давлатимиз раҳбари қандолат маҳсулотлари сифатини кўрди, таннархни пасайтириш бўйича тавсиялар берди. Давлатимиз раҳбари “Янгиҳаёт” индустриал технопарки қуриладиган майдонида ҳам бўлди.

Мажмуа учун 210 гектар майдон ажратилган. Шундан 150 гектари икки босқичда аукцион савдоларига чиқарилади. Бу ерда жойлаштириладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган.  Президент шу ерда Янгиҳаёт туманидаги корхоналар маҳсулотлари билан ҳам танишди. Янгиҳаёт туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳаёти билан танишилди. Бу ерда 11 та кўп қаватли уй бўлиб, 4 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ўтган йили “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳудуд ободонлаштирилди. Болалар ўйингоҳи, спорт майдончаси, савдо ва касаначилик дўконлари барпо этилди. Давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент айланма йўли бўйида сервис мажмуасини барпо этиш лойиҳаси билан танишди. Унда кечаю кундуз ишлайдиган савдо, овқатланиш ва маиший хизмат шохобчалари бўлади. Уларни арзон ва тез қуриш мақсадида юк контейнерларидан фойдаланилмоқда. Президент пойтахтда ҳаракатланаётган электробусни кўздан кечирди. “Яшил” транспорт тизимини ривожлантириш, метрополитеннинг кейинги босқичлари ва трамвай йўналишини белгилаш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, Янгиҳаёт туманидаги “Тошкент индекс” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасини бориб кўрди.

Мажмуа ҳудуди 72 гектар. Бу ерда қарийб 1 триллион 300 миллиард сўм эвазига савдо дўконлари, логистика ва экспо марказлари, меҳмонхона, ошхона барпо этилмоқда. Уларда жами 13 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Шу ерда Янгиҳаёт ва Сергели туманларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди ва галдаги аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бу эса ўз навбатида Янгиҳаёт ва Сергели туманларини  ривожланишига катта туртки бўлади. Мухтасар айтганда, ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқилади.

Шу борада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зараурлигини барчамиз яхши тушунамиз ва бу эса биз депутатларга катта масъулият юклайди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ушбу устувор вазифаларнинг ижроси туманларда катта ижобий ўзгаришлар бўлишига олиб келади. Бунга биз ишонамиз. Биз депутатлар ҳам имкониятимиз ва кучимизни мазкур вазифаларни амалга ошириш йўлида сафарбар этамиз.

Равшан Фазилов,

 O'zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    1326
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+