Ишчи гуруҳ ҳудудда: “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлил қилинаяпти

25.02.2022, 15:24

Ишчи гуруҳ ҳудудда:  “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлил қилинаяпти

“Яшил макон”, “Яшил йиллик”  умуммиллий лойиҳа ва тадбирларининг пойтахтимиз Яшнобод туманида амалга оширилиши қандай боряпти? Тегишли ташкилотлар томонидан кўкаламзорлаштириш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилдими? Бу жараёнда қандай қийинчиликлар, камчиликлар бор?    

 Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини ушбу йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” устувор йўналиши бўйича ЎзЛиДеП депутатлари, фаолларидан иборат ишчи гуруҳ мутасаддиларга  ана шу каби саволларни берди. Туман ҳокимлигида ўтказилган мулоқотда “Дилбоғ” ва “Баркамол”  маҳаллаларида яшовчи фуқаролар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва ўқитувчилари, партиямизнинг шу тумандаги аъзолари, фаоллари иштирок этди.    

Яшнобод тумани ҳокими ўринбосари Марғуба Турсунованинг маълум қилишича, биргина туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан кейинги бир неча ой давомида  суғориш тизимлари мавжуд ҳудудларга 7,5 мингта кўчат экилади. Бошқа ташкилот ва муассасалар ҳам бу жараёнда амалий ишлар билан иштирок этади. Кўкаламзорлаштирилувчи ҳудудларга суғориш тизимларини ва сув чиқариш қудуқларини ташкил этиш бўйича кейинги беш йилга мўлжалланган дастур  ҳамда 2022-2026 йилларда туман ободонлаштириш бошқармасини махсус техника ва механизмлар билан жиҳозлаш параметрлари тасдиқланди. Ирригация ва суғориш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг Яшнобод туман инспекцияси инспектори Илҳом Ҳакимов қайд этганидек, баҳор мавсумида кўчат экиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш бўйича “Яшил ҳафталик” тадбирлари ўтказиб борилиши режалаштириляпти. Тегишли манбалар ҳисобидан аҳолига бепул кўчат тарқатиш ҳамда "яшил боғлар" ва "яшил жамоат парклари"га дарахт экилишидан келиб чиқилиб, фуқароларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланиши бўйича чоралар кўриляпти.

Бошқа мутасаддилар ҳам бу борадаги ишлар тўғрисида ахборот бердилар.  

Депутатларимиз соҳа масъулларини экология масалалари бўйича аҳолидан тушаётган мурожаатлар билан таништирдилар, камчиликларни баратараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар.

Тадбирдан сўнг йиғилиш иштирокчилари “яшил” ҳудудларни кўпайтириш ғоясини тарғиб қилиш, кўчат экиш бобида ўрнак кўрсатиш мақсадида 61-умумтаълим мактаби, 30-сонли меҳрибонлик уйи ва бир неча кўп қаватли уйлар олдидаги ер майдонларига манзарали дарахт кўчатларини экдилар.     

Виктор Адилов,

Халқ депутатлари Яшнобод туман

кенгашидаги O'zLiDeP

депутатлик гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    577
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+