Депутат кўмаги: қишлоқда дорихона очилди, ўқувчилар учун транспорт йўлга қўйилди, эски симёғочлар янгисига алмаштирилди

28.02.2022, 16:55

Депутат кўмаги: қишлоқда дорихона очилди, ўқувчилар учун транспорт йўлга қўйилди, эски симёғочлар янгисига алмаштирилди

30-Ғиждувон сайлов округидан парламент қуйи палатасига сайланган депутат Шуҳрат Бафоев туманнинг Чағдари МФЙ ҳудудидаги 23-умумтаълим мактабида сайловчилар билан учрашди.

Туман халқ таълими тизимидаги баъзи муаммолар ҳам учрашув иштирокчиларини бефарқ қолдиргани йўқ. 23-умумтаълим мактаби педагогларининг фикрича бир синфда 35 нафар ўқувчининг билим олиши уларнинг фанларни талаб даражасида ўзлаштиришига, ҳар бир фанни чуқур ўрганишига озми-кўпми салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўртача 20-25 нафар ўқувчи ўқийдиган синфдагина ўқувчилар давоматида ҳам фанларни ўзлаштиришида ҳам кутилган натижаларга эришса бўлади.

Шу куни депутат Ш.Бафоев мактаб ўқувчилари билан ўтказилган учрашуви чоғида уларнинг келгусидаги режалари, орзу-истаклари билан ҳам қизиқди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берди.

Бундан бир мунча вақт олдин Барака МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Назира Ҳамроева ўз депутатига мурожаат этиб, маҳаллада дорихона ташкил этиш долзарб муаммога айланиб қолганлигини маълум қилган эди. Ушбу масала МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Рустам Бобохаджаев ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ҳудуддаги ёрдамчиси Бахтиёр Исмоиловлар саъй-ҳаракати билан ижобий ҳал этилиб, дорихона учун МФЙ биносидан 2 та хона ажратилди. Дорихона тегишли дори-дармон воситалари билан таъминланадиган бўлди. Учрашув давомида Депутат Ш.Бафоев томонидан дорихона ҳам кўздан кечирилди.

Бошқа бир аҳоли маскани –“Чағдари” МФЙда яшовчи 45 ёшли Наима Пўлатова оғир буйрак хасталигига чалинганлиги туфайли шифохонада ётиб даволаниши учун ордер ажратилишида ёрдам сўради. Бу масала ҳам маҳаллий ташкилотлар кўмагида қисқа вақт ичида ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Барака МФЙ аҳолиси номидан учрашувда сўзга чиққан Янгиер қишлоғида истиқомат қилувчи Каром Эсанов хонадонларни электр қуввати билан таъминлашда кейинги пайтда узилишлар рўй бераётганлигини билдирди. Шунингдек, умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилотига қатнаш учун транспорт хизмати ташкил этилмаганлигидан узоқ масофага бориб келиш ота-оналар ва ўқувчилар учун қийинчилик туғдираётганлигини  айтиб ўтди. Депутат Ш.Бафоевнинг туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига қилган мурожаати натижасида қишлоқдаги элекрт узатишга мўлжалланган 6 та симёғоч янгисига алмаштириш ишлари бошлаб юборилди. Учрашувда илгари сурилган транспорт масаласи ҳам депутат ва мутасаддилар аралашуви билан ижобий ҳал этиладиган бўлди.   

  • Кўрилди
    665
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+