Депутатлар кўмаги билан Ургут туманидаги мактаб биноси таъмирланди

02.03.2022, 12:29

Депутатлар кўмаги билан Ургут туманидаги мактаб биноси таъмирланди

Халқ билан мулоқот — халқчил сиёсатнинг энг устувор йўналиши. Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари кўпроқ одамлар орасида бўлишга, уларни қийнаб келаётган масалаларни ўрганишга, мавжуд муаммоларга ечим топишга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Парламент қуйи палатаси депутатлари Ғайрат Абдиев ва Наврўз Ризаевнинг Ургут туманидаги “Сойгузар” МФЙда бўлиб ўтган учрашувлари ҳам ғоят самарали бўлди. Юзма-юз мулоқотлар чоғида аҳолини ўйлантираётган қатор масалалар ўрганилиб, уларга ечим изланди.

Хусусан, ушбу маҳаллада жойлашган 99-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашувларда таълим сифатини янада ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, Ургут тумани “Қорабулоқ” маҳалласида жойлашган 87-умумтаълим мактабининг қўшимча биноси кўздан кечирилиб, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.

—Депутатларимиз ўтган йил мактабимизга келганларида улардан янги замонавий мактаб биноси қурилишида кўмак сўраган эдик, — дейди 87-мактаб ўқитувчиси Холмурод Суяров. — Улар бу масала юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, 240 ўринли янги бино қурилишига ёрдам берди. Натижада бино қуриб битказилиб, бу ерда ўқувчиларимизнинг чуқур билиб олишлари учун етарли шароитлар яратилди.

Ўрганиш жараёнида “Парвиз қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан барпо этилган бино қурилишида айрим камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

— Мактабнинг янги биносини кўздан кечириш чоғида қурувчилар томонидан баъзи нуқсонларга йўл қўйилганига гувоҳ бўлдик, мутасаддиларга ҳолатни тўғрилаш бўйича тавсиялар бердик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев. — Ҳозирги кунда Ургут туманида 17 та мактаб мана шундай қўшимча бинога муҳтож бўлиб турибди. Буларни ҳам дастурларга киритиш кўзда тутилган. Бу борада мурожаатлар бор ва шу бўйича иш олиб боряпмиз.

Тумандаги “Темир тўлаган кўчат ва ниҳоллари” фермер хўжалиги қошида яқинда фермерлар ва томорқачиларнинг билим ҳамда малакасини ошириш, уларга зарур тавсиялар бериш мақсадида қайта тайёрлов мактаби ташкил этилган эди. Халқ вакиллари унинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Ушбу фермер хўжалиги 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, дастлаб 30 бош қорамол билан иш бошлаган. Ҳозирда чорва бош сони 150 тага етди. Шулардан 120 таси соғин сигир. Улардан бир суткада бир тоннага яқин сут соғиб олинади. Энг муҳими, бугун бу ерда 12 киши доимий иш билан банд.

Чорвачилик фермаси фаолияти билан танишган халқ вакиллари аҳолини сут ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Уларнинг бу борадаги тажрибаларини кенг тарғиб қилиш, мазкур йўналишда иш бошламоқчи бўлган фуқароларга банк кредитлари ажратилишида кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

— Яқинда Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида чорвачиликни ривожлантириш бўйича Ургут тумани алоҳида тилга олиниб, қатор топшириқлар берилди, — дейди депутат Ғайрат Абдиев. — Шундан келиб чиқиб тумандаги масъуллар томонидан 120 та лойиҳа режалаштирилган. Аҳоли томонидан ҳам чорвачилик бўйича 9 мингдан ортиқ талаблар тушибди. Уларни молиялаштириш борасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар бор экан. Шу боис, биз депутатлар буни назоратга олишга қарор қилдик ва амалий ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Ургут нафақат вилоятдаги балки Республикамиздаги аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган туманлардан бири ҳисобланади. Туманда йилдан-йилга йўлларда ҳаракатланаётган автомобилар сони ва қатнови ҳам шунга яраша ортиб боряпти. Йўловчилар ва ҳайдовчилар учун яратилаётган қулай шароитларга қарамасдан, айрим ҳолларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслик оқибатида йўл транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Шу боис туман ҳокимлиги ва депутатлар ёрдамида туман марказидан Қинғир маҳалласигача бўлган 8 километрлик йўл яна ҳам кенгайтирилиб, тунгги ёритиш мосламалари ўрнатилди. Чунки кўп ҳолларда айрим ҳайдовчиларимиз томонидан қонунни менсимасдан уни атайлаб бузиш ҳолатлари кўп учраяпти. Демак, кенг жамоатчилик ҳамма бир бўлиб, бу масалага жиддий киришиши керак.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларга чиқиб сайловчилар билан учрашиши, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиши томонлар учун ҳар жиҳатдан самарали бўлмоқда. Биринчи навбатда, фуқароларнинг масалалари ечим топиб, мавжуд муаммолар бартараф этилаётган бўлса, иккинчидан қонунларимиздаги бўшлиқлар аниқланиб, уларни янада такомиллаштиришга замин яратилаяпти.

  • Кўрилди
    631
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+