Инвестициялар, экспортни ва озиқ-овқатларни кўпайтириш борасидаги имкониятларимиздан янада самаралироқ фойдаланишимиз зарур

10.03.2022, 11:48

Инвестициялар, экспортни ва озиқ-овқатларни кўпайтириш  борасидаги имкониятларимиздан янада самаралироқ фойдаланишимиз зарур

Кейинги беш йил мобайнида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларига инвестициялар жалб қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашувлар мутлақо ўзгарди, давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу бежиз эмас, албатта. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи барча давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллиги, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади. Сармоялар ва экспортнинг кенгайиши  иқтисодиётимизнинг изчил ўсишига имкон яратади. Кучли иқтисодиёт эса ислоҳотлар муваффақиятини таъминловчи асосий омилдир. Тилга олинган вазифаларнинг 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидан ўрин олганлиги уларнинг нечоғли муҳимлигини кўрсатмоқда.

Шу ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда тармоқ ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш борасида ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Инвестициялар ва экспортни кўпайтириш, озиқ-овқат бозорини тўлдириш вазифалари кўриб чиқилди, эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилинди. 

Жаҳон тажрибасидан аёнки, фаол инвестиция сиёсатини юритган давлатлар ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам Президентимиз  ўз чиқишларидан бирида “Инвестиция — бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги”,  дея таъкидлаган эди.  Дарҳақиқат,  инвестицияларнинг кенг миқёсда жалб этилиши  кўплаб соҳаларга янги технологиялар, юксак малакали мутахассислар кириб келиши ва тадбиркорликнинг жадал ривожланишига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ва ташқи бозорларда миллий товарларнинг рақобатдошлигига эришиш, экспорт таркиби ҳамда географиясини диверсификация қилиш, шунингдек, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар анча фаоллашди. Янги экспорт бозорларига чиқиш  энг асосий вазифалардан бири. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларидаги улуши сезиларли бўлса-да, уни янада ошириш имкониятлари мавжуд. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш зарур.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларига инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, товарларни экспортга етказишда логистика масалаларини тезкор ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари ички истеъмол бозорида нархлар барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди.  Энг аввало, аҳолини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш лозимлиги таъкидланди. Президентимиз томорқа хўжаликларини ривожлантириш ва уларда ички бозорда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун аҳолига қўшимча 80 минг гектар ер майдонлари ажратиш борасидаги ишларга танқидий баҳо берди.

Демак, соҳа самарадорлигини янада ошириш, тегишли механизмларни такомиллаштириш, ечимини кутаётган масалаларни оқилона ҳал этиш талаб этиляпти. Хусусан, томорқачилик озиқ-овқат маҳсулотларини арзон қилишда катта аҳамиятга эга. Мамлакатимиздаги  томорқа ер эгалари ихтиёрида 503  минг гектардан зиёд ер майдонлари бор. Бу – жуда катта салоҳият, имконият. Статистик маълумотларга эътибор берайлик: юртимизда етиштирилаётган сабзавотларнинг  71 фоизи,  чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоиздан ортиғи аҳоли хонадонлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Эътиборлиси, кейинги беш йил мобайнида томорқа ерлардан самарали фойдаланиш учун мукаммал тизим яратилди. Эндиликда бу тизим самарадорлигини янада оширишга киришмоғимиз лозим.   

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида йиғилишда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш тегишли ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш имконини беради. 

Актам ХАИТОВ

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси  раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

партия фракцяиси раҳбари.

  • Кўрилди
    369
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+