Эътибор – тадбиркорга қанот

14.03.2022, 16:37

Эътибор – тадбиркорга қанот

Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги “NEW LEVEL SHOES” оилавий корхонасининг ўзига хос тарихи ва йўналиши бор. Бугунги кунда 200 турдаги харидоргир пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган корхонага дастлаб фаолиятини туманда оддий косибчиликдан бошлаган Ёрбек Мавлонов раҳбарлик қилган. Айни пайтда корхонани унинг укаси Санжар Мавлонов бошқараяпти.

ЎзЛиДеП Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари партия фаоли Ёрбек Мавлонов фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ҳар бир ишнинг бошланиши бўлгани каби дастлаб, 3-5 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришдан бошлаган мазкур корхонада бугунги кунда харидоргир спорт, махсус соҳалар учун ва аёллар пойабзаллари ишлаб чиқарилмоқда.

– Уч ака-ука ўз меҳнат фаолиятимизни туманимиздаги турли жойларда косибчилик фаолиятини юргизишдан бошлаганмиз, – дейди  Ёрбек Мавлонов. – Ҳар бир пойабзални таъмирлаб эгасига топшириш жараёнида қўлимдаги пойабзалнинг тикилиши, дизайни, тагчарми, қандай тайёрланганлигига алоҳида эътибор берардим. Кейин билсам, фақат мен эмас, акаларим ҳам шундай қилар экан. Бир суҳбат жараёнида ўзимиз пойабзал тикиш устахонасини ташкил этиш ҳақида фикрлашиб қолдик. Буни қарангки, ҳаммамизнинг хаёлимизда ана шу ўй, мақсад бор  экан. Яхши ният билан иш бошладик. Бугунги кунда фаолиятимизни олиб бораётган икки қаватли ташландиқ бинони ижарага олдик, таъмирладик. Тошкентдан диллерлар орқали чарм ва тагчарм маҳсулотларини олиб келдик. Оддий кундалик ҳаётда кийиладиган оёқ кийимлар, тўй ва маросимларга ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб борувчи ишчи-хизматчилар учун кийиладиган пойабзалларни ҳам ишлаб чиқариб ички бозорга тақдим этдик. Маҳсулотларимиз “White Gold”  савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаяпти.

Ёш тадбиркор ишни бошлаш жараёнида ишлаб чиқаришга банкнинг 90 миллион сўмлик сармоясини киритиб Хитойда ишлаб чиқарилган ускуналарни харид қилди. Албатта, ишни бошлаш, харидорлар эътиборини қозониш осон бўлмади. Бунинг учун биринчи навбатда уч ака-ука косиблар Ёрбек, Азизбек, Санжар пойабзал ишлаб чиқарувчи корхона, кичик корхона ва тадбиркорлар фаолиятини ўрганиб, улардан маслаҳат олди.

Тадбиркорлар янги босқичга қадам қўйди. Оилавий корхонага ака-ука, қариндош уруғлардан иборат 20 нафар ишчи-хизматчи  жалб қилинди. Дизайнер ҳам қолипга тортувчи ҳам янги маҳсулот турини ишлаб чиқаришга киритувчи ҳам ўзлари бўлди. Корхонада пойабзаллар аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб Туркия, Хитой, маҳаллий чарм ва тагчарм маҳсулотларидан фойдаланиб тайёрланаяпти. Тадбиркорлар спорт, соҳа  ходимлари учун махсус оёқ кийимлар, шунингдек, аёллар туфлиларини ҳам ишлаб чиқараяпти.

Корхонада доимий ишловчилар 15 нафар, аммо мавсум давомида ишчилар сони 60 кишидан ошиб кетади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг харидоргирлиги сабаб Гулистон шаҳрида, Қашқадарё, Навоий вилоятларида савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилган.

Ёрбек Мавлонов айни пайтда Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида  корхона филиалини бошқараяпти. “Оқолтин-Навоий пойабзаллари” номи билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар йигитнинг шуҳратини оширгани рост. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ёрбекка Навоийда корхона филиалини очиш тавсия қилинганди. Ишончни оқлаган  раҳбар туфайли 20 кишининг бандлиги таъминланди. Вилоят ҳокими  ишчилар сонини 100 нафарга етказиши учун шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишни зиммасига олди. 

Албатта бу эътибор – тадбиркорга қанот бағишлади. Ёш тадбиркор йигитнинг меҳнатлари бесамар бўлмади.Ўтган йилнинг 30 июнь – "Ёшлар куни"да ёш тадбиркор Ёрбек Мавлонов Президентимиз фармони билан "Мард ўғлон" Давлат мукофоти билан тақдирланди.

  • Кўрилди
    674
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+