Қорақалпоғистонлик томорқачилар учун зарур шарт-шароит яратишни изчиллик билан давом эттирамиз

16.03.2022, 12:29

Қорақалпоғистонлик томорқачилар  учун  зарур шарт-шароит яратишни изчиллик билан давом эттирамиз

Президентимиз бошчилигида кейинги йилларда бошқа ҳудудлар қатори Қорақалпоғистон Республикасини ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Давлатимиз раҳбари шу йил февраль ойида ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга навбатдаги ташрифини амалга оширди. Эътиборлиси, бу гал янгиликлар, ўзига хос жиҳатлар кўп бўлди. Жумладан, илк марта барча ҳокимлик, вазирлик, ташкилот, агентлик, қўмита, акциядорлик жамиятлари раҳбарлари ҳам бу ерга келдилар. Улар зиммасига муайян вазифалар юклатилди. 

Оролбўйида хонадонлар тўкинлиги, ҳаёт фаровонлигини янада ошириш мақсад қилинган экан, унга  эришишда озиқ-овқатлар арзонлиги, мўл-кўллиги ҳам катта ўрин тутишини таъкидлаш жоиз. Ана шундай маъмурчилик вужудга келтирилишида, албатта, томорқачилик имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиш керак. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши  аҳоли ихтиёридаги ер майдонлари, томорқалар, ҳовлилардан самарали фойдаланилишига кўмаклашиш бўйича катта тажриба орттирган. Синалган иш услублари, томорқачиларга назарий ва амалий ёрдам бериш тизимининг пухта йўлга қўйилгани   Оролбўйида ҳам қўл келаётир.

Қорақалпоғистонда 342 мингдан ортиқ фуқаро ўз томорқасига эга. Сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда шу йил баҳор ойларида 41,9 минг гектар (ўтган йилга нисбатан
43 гектарга кўп) аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экиш бўйича “маҳаллабай дастурлар” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Мазкур майдонларда 615 минг тонна (2021 йилга нисбатан
109 минг тоннага кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш режалаштирилмоқда.

Мутахассислар бу йил сув тақчиллиги юз бериши мумкинлигидан огоҳлантиряптилар. Бу омил ҳам ҳисобга олиниб, аҳоли томорқалари билан  “маҳаллабай” тизими асосида иш олиб бориляпти.

Ўтган йилларда маҳаллаларнинг муайян экин турига ихтисослашувининг афзалликлари яққол намоён бўлди. Бинобарин, 2022 йил поёнига қадар 298 та маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилади.

Деҳқончилик қилиш учун шароит оғир бўлган ва томорқачилик ривожланмаган 101 та маҳалла алоҳида назоратга олинган. Уларнинг ҳар бири билан томорқаларга экинларни тўлиқ экиш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Масалан, жорий йилнинг январ, феврал ойларида Кенгаш кўмагида Нукус шаҳридаги Чимбой гузари маҳалласида сув таъминотини яхшилаш учун 3 та кичик ҳажмли қудуқ қазилди. Яна 1 та қудуқ қазиш режалаштирилган.

 241 та хонадоннинг томорқаси шудгорланди. 351 та хонадонга иссиқхоналар қуриб берилди. Бундан ташқари, томорқалар соҳибларига салкам 2 тонна пиёз, саримсоқпиёз, картошка, редиска ва кўкат уруғлари етказилди. Ҳовлиларга 950 туп мевали дарахт, 350 туп узум кўчати экилди.

Шуни ҳам қайд этиш зарурки, ушбу йилда Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари томонидан 64 та маҳалладаги  томорқаларни суғориш учун артезиан қудуқлари қазиб беради. Бу ишлар экин турлари жойлашувидан келиб чиқилган ҳолда бажарилади. 

Қорақалпоғистондаги томорқачиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ихчам иссиқхоналар қуриш, томорқа хизмати корхоналарини ривожлантириш каби мақсадлар учун Кенгаш ҳузуридаги жамғармадан  жами 67 млрд.сўм йўналтирилади. Хусусан, Амударё, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларининг ҳар бирида, томорқа хўжаликларида  камида 1 мингта ихчам иссиқхоналар қурилиши учун  30 млрд.сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, Кенгаш ҳузуридаги жамғарма сабзавотчилик ривожланган  Беруний ва Элликқалъа туманларида томорқа хизмати кластерлари фаолияти йўлга қўйилишига молиявий мадад беради.

Айтиш керакки, кафтдек ерда ризқ ундираётганлар “Томорқа хизмати”  МЧЖлар фаолиятидан мамнун. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ана шундай корхоналар сони жорий йилда 100 тага етказилди. “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 240 млн.сўмлик мевали ва манзарали дарахт кўчатлари олиб келиниб, аҳолига хонадонларига тарқатилмоқда. Шу ўринда қайд этиш керакки, Кенгаш ҳузуридаги жамғарма томорқачилик ривожланмаган ҳудудлардаги томорқа хизмати корхоналарига устуворлик бериб, уларга 300 млн сўмгача имтиёзли кредитларни гаров таъминотисиз ажратяпти. Имтиёзли кредитлар ҳисобига мазкур корхоналар мини тракторлар, мотокультиваторлар, ташиш техникалари, инкубаторлар, дорипуркагичлар, қуритиш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиняпти.

Саъй-ҳаракатлар ижобий натижалар бериши шубҳасиз. Мисол учун, Амударё, Беруний, Элликқалъа туманларида аҳоли томорқалардан йилига икки, уч марта ҳосил олмоқда. Бу ҳудудларда ўртача 8 сотих майдонда 1,5 - 2 тоннагача сабзавот етиштирилмоқда. Мазкур туманлардан юзлаб тажрибали деҳқонлар маҳаллаларда уюштирилувчи семинарларга жалб қилиниб, улар томорқачилик нисбатан ривожланмаган маҳаллалардаги фуқаролар билан  ўз билим ва тажрибаларини ўртоқлашяптилар. Айнан  услуб шарофати билан  Қорақалпоғистоннинг томорқачилик яхши ривожланмаган  маҳаллаларида ўтган йили сезиларли ютуқларга эришилди.

Мухтасар айтганда, томорқа – ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Хонадонларимиз ободлиги, дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда унинг ўрни беқиёс. Бу йўналишда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам ана шу мақсадга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли.  

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қорақалпоғистонлик томорқачиларга ўз ерларидан унумли фойдаланиши учун  зарур шарт-шароитлар яратишни изчиллик билан давом эттиради.  

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси  раиси

  • Кўрилди
    327
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+