Қанийди томорқаларнинг ҳаммаси ҳам яшнаб турса...

18.03.2022, 10:16

Қанийди томорқаларнинг ҳаммаси ҳам яшнаб турса...

Бугун шундай қулай фурсатки, ерга чўп суқсангиз куртак чиқаради, барг ёзади. Ҳовлингизнинг дастурхондек жойига кўкат уруғини  сепиб қўйсангиз борми, ош-кўк деб бозорга ошиқмайсиз. Олма, ўрик, шафтоли ёки нок дарахтларини эксангиз оғзингиз болга тўлади. Қўни-қўшни, ҳамосоя, хеш-ақроба ундан баҳраманд бўлади. Ана шу фурсатларни қўлдан чиқармаслик учун бугунги ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиш лозим. Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган “Яшил йиллик” умуммилий давлат дастури асосида Қашқадарё вилоятида ҳам кўчат экиш, боғ яратишдек эзгу ҳаракатлар қизғин давом этмоқда.

Қарши туманидаги Талликурон маҳалласида олиб борилаётган хайрли тадбирларни кузатиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, Ўзбекитсон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи шу ҳудудда бўлди. Талликуронликлар азалдан кўкатчилик билан машғул. Қарши шаҳри бозорларига шу қишлоқ томорқачилалари томонидан етиштирилган пиёз, саримсоқпиёз, шивит, шавил, кенза, петрушка, редиска каби кўкатлар янги узилган ҳолда чиқарилади.

Талликуронлик 75 ёшни қоралаган Тоштемир бобо Расуловнинг ишчан, чаққон ва меҳнатсеварлигини кўриб қойил қоласан киши. Томорқасини яшнатиб қўйибди, шу яшилликка боқиб, отахоннинг ўзи ҳам ҳузур қилади.

-Ҳовлимиз ичида ва ташқарисида 10 сотих жойда исмалоқ экканман,- дейди у. –Ўтган йили сентябрь ойида эккан бўлсам, ҳозирга қадар 5-6 марта баргини кесиб сотдик. Даромад эса 20-25 млн сўмдан ошди. Апрель ойида исмалоқ ўрнига помидор, булғор қалампири кўчатларини экамиз. Еримизнинг бир қаричини ҳам бў қўймаймиз, ток парвраишлаймиз, мевали дарахтларимиз бор. Қорамол боқамиз. Тўғрисини айтсам, шу 10 сотих ердан унумли фойдаланилса, рўзғорга етарли даромадни топса бўлади.

Нодира Раҳмонова қишлоқ мактабида бошланғич синф ўқитувчиси.  У бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, ўзининг 3 сотих иссиқхонасида меҳнат қилади. Меҳнатлари самараси эса рўзғор кам-кўстини қоплаб келяпти. Илгари иссиқхонада мунтазам бодринг экиб келган бўлса, бу йил феврал ойида иссиқхона помидор кўчатлари билан безанди.

-Иссиқхонага ўзим қарайман, - дейди у. –Кўчатлар ривожидан дилим яйрайди. 3 сотих жойла 1000 туп помидор кўчати яшнаб турибди. Ҳар тупидан камида 10 килограммадан помидор узушни  ният қилганман. Агар шу мўлжалга етсам, бу 10 млн сўм дегани. Помидордан сўнг иссиқхонамга бодринг экиб, даромад топаман. Шу 3 сотих ерни бўш қўймайман, даромад келверганидан сўнг, ишга иштиёқингиз ҳам ошиб кетаверар экан.

Ишчи гуруҳи аъзолари Қарши туманидаги “Ғубдин” МФЙ ҳудудидаги қишлоқларни кўздан кечиришди. Ногиронлиги бор Ҳамза Тиловов оиласининг 8 сотих томорқаси бор. Аммо ҳозирга қадар ишлов берилмаган. Шу хонадонга ишчи гуруҳи томонидан ёрдам берилди. Шунингдек ишчи гуруҳи қаровсиз қолдирилган, эгалари беъэтибор юрган томорқалар кўздан кечирилиб, томорқа эгаларига огоҳлантиришлар берилди.

-Ғубдин қишлоғи ерлари жуда унумдор, аммо баъзи хонадон томорқалари қаровсиз қолдирилгани ачинарлидир, - дейди А. Хаитов. –Баҳор жуда серёғин, дарахт ва турли экинлар парваришлаш учун жуда қулай келди. Бу фурсатдан фойдаланиб қолиш зарар. Шунинг учун қаровсиз томорқа ва бўш турган деҳқон хўжалиги ерларини шу кунниг ўзидаёқ ҳайдатиб, экин экилишини таъминладик. Томорқачилар билан учрашувда уларга онлайн тарзда банкдан кредит олиш афзалликлари ҳақида тавсиялар бердик. Энг муҳими, бирорта томорқа ёки бўш ер қолмалсиги керак. Чунки ҳар қарич ер даромад манбаи.

Ишчи гуруҳи Ғубдин қишлоғида эгаси бор-у, томорқасига ишлов берилмаган кўплаб ерларни аниқлади. Баъзи ерлар аукцион савдоси орқали сотиб олинган бўлса-да, ҳали эгаси унга ишлов бермаган, дарахт  ёки экин экиб парвариш қилмаяпти. Қишлоқда баъзи одамлар фарзандига, набирасига ер олиб қўйган ва “ер меники” деб ундан фойдаланмаяпти. Шундай томорқачилардан бири Қилич бобо Сирожиддинов 4 гектар ерда боғ барпо қилган ва шу ернинг 1,2 гектари аукцион савдолари орқали бошқа қишлоқда яшовчи фуқарога берилган. Қилич бобо у ердан аукционда сотиб олган ернинг ҳақиқий эгасига беришни хоҳламайди.

-Аукцион савдоси ноқонуний ўтган, - дейди Қ. Сирожиддинов. –Чунки ер бизнинг Ғубдин қишлоғида жойлашган бўлса-да, аукционга у Кўчкак қишлоғида деб чиқариб юборилган. Бу хатолик туфайли кўчкаклик даъвогарга устунлик берилиб, у ерни олиб кетди. Ишчи гуруҳи аъзолари Қарши тумани ҳокими Бекзод Юсуповга ишчи гуруҳи тузиб, аукционда йўл қўйилган хатони тузатиш бўйича тавсиялар берди. 

Аҳли билан бўлган учрашувда А. Хаитов Ғубдин қишлоғи азалдан узумчилик билан шуғулланиб келгани боис, бу ҳудудни узумчиликка  ихтисослаштиришни таклиф этди.  Аҳоли вакиллари ва томорқачилар бу таклифни қизғин қўллаб-қувватладилар. Эндиликда бу қишлоққа узумнинг энг серҳосил ва ноёб навли етказиб берилади. Бу вазифани водийлик боғбонлар ўз зиммаларига олишди.

  • Кўрилди
    727
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+