Маҳалладаги аёллар фаоли фидойи, жонкуяр ва масъулиятли бўлиши керак

24.03.2022, 11:06

Маҳалладаги аёллар фаоли фидойи, жонкуяр ва масъулиятли бўлиши керак

Юртимизда хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш, опа-сингилларимизни улуғлаш ва эъзозлаш эзгу қадрият саналади. Бугунги кунда бундай эзгу анъаналарни нафақат давом эттириш, балки янгича маъно-мазмун билан бойитишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорларда, қолаверса Тараққиёт стратегиясида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани айни ҳақиқат.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичда тизимли давом эттиришга қаратилган десак, тўғри бўлади.

Фармоннинг аҳамиятга молик муҳим бир жиҳатига тўхталиб ўтмоқчиман. Сир эмас кейинги вақтларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда айрим оилаларда ҳам руҳан, ҳам жисмонан жабрланаётган ёки янги туғилган чақалоғини кўча-кўйга ташлаб кетаётган хотин-қизлар ҳақидаги хабарлар қалбларимизни ларзага солди. Ёки турмушда учраб турадиган тўсиқлар, муаммоларни бартараф қилишга ўзида куч, ирода топа олмаганидан оила аталмиш муқаддас қўрғонни мустаҳкамлай олмаётган, осонликча ажрашишга шошилаётган опа-сингилларимиз ҳам орамизда учраб турибди.

Табиийки, бундай нохуш ҳолатлар, оила, хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш заруратини юзага чиқарди. Шу боис, фармонга биноан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Мақсад бу борадаги камчиликларни тизимли бартараф этиш, ҳаётда маълум тўсиқ ва синов қаршисида қолган опа-сингилларимиз билан ишлаш тизимини сифат ва сон жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишдан иборатдир.

Янги ташкил этилган қўмитага қатор ваколатлар берилгани алоҳида эътиборга молик. Хусусан қўмита раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади. Қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар бошқармалари раҳбарлари эса, ҳоким ўринбосари ҳисобланади.

Республикада айни пайтдаги 9 309 та маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинди. Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳам ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари қандай конкурс билан танланган бўлса, шундай очиқ конкурс асосида, тажрибали, обрў-эътиборли, тадбиркор аёллар орасидан лавозимга қўйилмоқда.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилиши табиий. Янги қўмита тузишга зарурат бормиди? Шундоқ ҳам хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган бошқа давлат ташкилотлари мавжуд эдику?! Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, алоҳида қўмита тузишни даврнинг ўзи ўртага қўйди. Сўзимни исботи сифатида биргина мисол келтириб ўтмоқчиман.

Ўтган даврда “Аёллар дафтари” доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили шуни кўрсатдики, бу борада бошланган ишлар охирига етмай қолмоқда. Масалан бугунги кунда 630 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатда турган бўлса, уларнинг 200 минг нафари ишсиз. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Тан олиш керак, бу ишларни охирига етказадиган, масъулиятни тўла ўз зиммасига оладиган ташкилот йўқ эди. Тўғри Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу ишлар билан шуғулланган. Лекин ҳар бир аёл, ҳар бир оилага кириб бориш учун оқсади.

Бир сўз билан айтганда, маҳалла фаоллари, жамоатчилик ва нуронийларнинг ўрни ва таъсири бу ишларни охирига етказишда кутилган натижани бермади. Қўмита яхлит тизим сифатида энг қуйи бўғинга тушиб, ҳар бир аёл билан индивидуал шуғулланади. Берилган ваколат ва имтиёзларидан фойдаланиб, “Аёллар дафтари” доирасида белгиланган вазифалар ижросини назорат қилишни тўла зиммасига олади. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштиради. Янаям соддароқ қилиб айтганда, қўмита аёллар дафтарига киритилиб, лекин иши пайсалга солиб келинаётган опа-сингилларимизни манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилади.

Гавҳарой ТУХТАСИНОВА,

O'zLiDeP Бектемир туман Кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари,

халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    642
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+