Аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланади

28.03.2022, 11:10

Аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланади

Биринчи Тошкент халқаро инвестиция Форуми мамлакатимизнинг халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятидаги имиджини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга имкон берувчи платформага айланганлиги билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда инвестиция фаолиятининг асосий принциплари ўз ичига қонунийлик, ошкоралик ва очиқлик, адолатлилик ва инвестиция фаолияти субъектларининг тенглиги, инвесторларга нисбатан камситишга йўл қўймаслик, инвесторларнинг виждонлилиги презумпцияси каби жиҳатларни қамраб олади. Шубҳасиз, Республикамиз ва унинг алоҳида ҳудудлари иқтисодиёти барқарорлиги инвестиция сиёсати билан чамбарчас боғланган. Айни пайтда бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, аввало мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни очиқлашдан бошланади.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида экани маълум қилинганди. Чорак асрлик тарихимизда Ўзбекистонда, айниқса қишлоқларимизда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслигини кўриб туриб, кўрмасликка олардик, муаммоларни хаспўшлашга кўникиб қолгандик. Лекин бу билан кам таъминланган аҳолининг аҳволи яхшиланиб қолмаганди. Уларни камбағалликдан чиқариш бўйича стратегик лойиҳалар, тизимли ишларни четга суриб бўлмайдиган даражага тушиб қолгандик.

Гапнинг сирасини айтганда, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш бўйича тизимни ишлаб чиқиш, либерализация ва бозор шароитида иқтисодиётни мақсадли бошқаришнинг шаффоф механизмларини яратиш зарурияти туфайли роппа-роса икки йил аввал Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.

Алоҳида вазирлик ташкил этилиши, жозибадор инвестиция муҳити шакллантирилиши ёки яқиндагина пойтахтимиз мезбонлик қилган халқаро Форум ўтказилиши каби комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган ислоҳотлардан пировард мақсад битта — халқимизнинг бугунгиданда фаровон ва бахтли яшашини таъминлаш.

Биз, депутатлар ҳам Ватанимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга, одамларимизнинг турмуш шароитини яхшилашга, инвестициявий фаолиятни янада эркинлаштиришга хизмат қилувчи қонунчиликни такомиллаштиришга доимо шаймиз.

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    424
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+