Давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилувчи ҳуқуқий ҳужжатлар кўриб чиқилди

31.03.2022, 16:43

Давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилувчи ҳуқуқий ҳужжатлар кўриб чиқилди

Бугун юртимизда фаолият юритаётган электрон ҳукумат тизими илғор ахборот технологиялари туфайли аҳоли, бизнес ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларда қулайликлар яратиш, бошқарувда адолату шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупциянинг олдини олишда энг яхши кўмакчи бўлиб келмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам давлат бошқаруви тизимини изчил ислоҳ қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар қаторида “Электрон ҳукумат”ни такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъекти учун давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини оширишни қўллаб-қувватлайди.

Зеро, Электрон ҳукуматнинг Идоралараро интеграция платформаси такомиллаштирилса, давлат органларининг ахборот тизимлари ва хизматлари ўртасидаги ахборот алмашинуви янада жадаллашади. Бу эса ўз навбатида, инсон омилини камайтириб, коррупцияни йўқотишга, адолат ва шаффофликни таъминлашга кўмаклашади.

O`zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бартараф этиш” мавзусида давра суҳбати ҳам айни мақсадда ўтказилди.

Тошкент вилояти ўтган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари Зафар Худайбердиев,  Шуҳрат Шарофутдинов, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Гулнора Рахимова, партия вилоят ва туман (шаҳар) аппарати масъул ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирок этишди.

Тадбирда давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, аҳоли, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ) кенг фойдаланиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши билан тобора бартараф этиладиган коррупция илдизига батамом болта урилиши, аҳоли ва тадбиркорлар учун юзага келган имкониятлар борасида фикр юритилди.

Қонунда электрон давлат хизматларини кўрсатувчи Вазирлар Маҳкамасининг, марказда ва жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари, функциялари, шунингдек, фуқароларнинг, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари белгилаб берилгани қайд этилди. Бундан ташқари, “Электрон ҳукумат” фаолиятининг тартиби, асосий инфратузилма хусусиятлари белгилангани борасида батафсил тўхталинди.

Қонун кучга кириши билан электрон ҳукумат фаолиятини ташкил этишнинг давлат органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги, даъво қилувчиларнинг электрон давлат хизматларидан тенг фойдаланиши, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби принципларини мустаҳкамлангани таъкидланди.

Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 1-йўналиши 7-12-мақсадларини ўзида ифода этувчи – Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш, Норма ижодкорлиги, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, жамоатчилик назоратини такомиллаштириш йўналиши бўйича партия Тошкент вилоят Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди.

Давра суҳбати сўнггида “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бартараф этиш йўналишида келгусида амалга ошириладиган ишлар борасида келишиб олинди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O`zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    352
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+