Фарзандларимиз тарбиясига барчамиз масъулмиз

01.04.2022, 11:58

Фарзандларимиз тарбиясига барчамиз масъулмиз

Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади, дейишади. Айниқса, нафис хилқат соҳибалари бўлмиш хотин-қизлар иштирокида жанжал кўтарилса, кишининг кўнгли хира тортаркан.   

Яқиндагина ижтимоий тармоқларда Гулистондаги мактаблардан бирида ўқувчи қизнинг бошқа қизлар томонидан “самосуд” қилиниши, калтакланиши акс этган лавҳага кўзим тушиб қолди. Ўзбекона менталитет, бой маданият-маънавиятимизга хос бўлмаган, ярашмаган бу ҳолатга гувоҳ бўлиб, кайфиятим тушиб кетди.   

Қизлар билан боғлиқ юз берган бу фожеа нафақат шу ўсмир қизлар, балки жамиятнинг барча аъзолари, оила, мактаб, маҳалладагилар, биз, катталарнинг лоқайдлиги, бефарқлиги туфайли содир бўлган, деб ҳисоблайман.

Қиз бола тарбияси ўта нозик тарбиядир. Бўлғуси она, оила бекаси бўладиган қизларнинг маънавий олами, ички дунёси гўзал бўлишига оилада эътибор қаратилиши керак. Ота-оналар уларда шундай хислатлар шакллантириш учун масъул ҳисобланади. Назаримда, бу қизларнинг ота-оналари фарзандини хулқидаги ўзгаришларни сезиши, оила даврасида, жамоат жойларида ўзини тутишни ўргатиши, доимий одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиши, тенгдошлари билан муносабатларини, ким билан дўст тутингани, қаерга бораётгани, вақтини нималарга сарфлаётганини назорат қилиши кераклигини унутган кўринади чоғи. Йўқса, қизлар бу даражада уятга қолмаган бўлар эди.   

Ўзбошимчалик билан суд қилиш — ҳақиқий ёки тахмин қилинаётган жиноятчини давлат органларига мурожаат этмасдан ноқонуний йўл билан жазолаш тушунилади.

Республикамизда ўзбошимчалик билан суд қилиш орқали фуқароларни жазолаш қонун билан тақиқланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Коституциясининг 24-моддасига кўра, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир, 26-моддасида эса, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Энг ачинарлиси, жанжални тўхтатиш ўрнига бу “самосудни”ни тасвирга тушириб, оммалаштираётганлар ҳам орамизда кўпайиб қолди. Шахс сифатида шаклланиш жараёнида ёшлар ташқи таъсирлар ва ҳиссиётларга жуда берилувчан бўлади. Шу боис улар орасида бундай маълумотларни тарқатиш ўсиб келаётган ёш авлоднинг хулқ-атрофига тўғридан-тўғри салбий таъсир этиши, “мен ҳам шундай ножоиз ҳаракат қилсам, ижтимоий тармоқда машҳур бўларканман” қабилидаги янглиш хулосага келиши мумкин.

Шу ўринда кейинги вақтларда долзарб аҳамият касб этаётган масала, яъни фуқаронинг рухсатисиз уни тасвирга олишни тақиқлаш ва тарқатиш бўйича белгиланган меъёрларни кучайтириш вақти келди, деб ҳисоблайман.

Мамлакатимизда ёшларнинг интелектуал салоҳиятини ривожлантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида имкониятлар яратилган. Ёшлар масаласи билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилган, улардаги муаммоларни ўрганувчи ва ечимига масъул этиб белгиланган янги тизим энг қуйи бўғин ҳам тизимли ташкил этилган. Айниқса, қизларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, таълим-тарбия олиши учун етарлича шароитлар, имкониятлар яратилган.

Бундай имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётган ҳамюртларимизнинг борлиги эса, уларнинг ота-оналари, устозлари, атрофдагилар ва бутун жамоатчиликдан хушёрлик, талабчанлик ва масъулиятли бўлишни талаб этади.

  Мадина БАРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси,

“Ёшлар комиссияси”аъзоси.

  • Кўрилди
    342
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+