Ўзбекистон-Туркия: ҳамкорлигимиз ҳар томонлама стратегик шериклик босқичига кўтарилди

02.04.2022, 09:14

Ўзбекистон-Туркия: ҳамкорлигимиз ҳар томонлама стратегик шериклик босқичига кўтарилди

Ўзбекистон Республикаси ва давлатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб эътироф этган Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига шу йили 30 йил тўлди. Халқларимизни чуқур тарихий илдизлар, умумий диний қадриятлар, тилларимизнинг ўхшашлиги, урф-одатларимизнинг муштараклиги бирлаштириб турибди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро ишончга асосланган дўстона алоқалар ўтган давр мобайнида янада мустаҳкамланди. 

 Ҳамкорлигимиз 1996 йилда тузилган Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимдан бошлаб, 2017 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва 2018 йилда янги форматдаги мулоқот – юқори даражали Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилгунга қадар ёрқин йўлни босиб ўтиб, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик янада фаоллашди.  2020 йилда Президент Шавкат Мирзиёвнинг Анқарага ташрифи мобайнида юқори даражали Стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.   

Мазкур ҳужжатлар икки томонлама ҳамкорликнинг тобора кучайиб борганини яққол намоён этмоқда.  Олий даражадаги учрашувларда имзоланган битимлар эса изчил амалга оширилмоқда. Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликлари даражасида доимий алоқалар ривожлантирилмоқда. Бунда асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш масалаларига қаратиляпти.   

Савдо ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Масалан, сўнгги йилларда ўзаро савдо айланмаси 3,6 миллиард доллардан ортди, бошқача айтганда, 2,5 баробарга ўсди.  Қўшма корхоналар сони 5 баробарга ортди ва 2 мингтага етди. Инвестицион ҳамкорлик кўрсаткичлари  70 баробарга ортди. Сўнгги йилларда Туркия компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг динамик ривожланаётган иқтисодиёти учун зарур бўлган 5 та йирик энергетика лойиҳаси амалга оширилди.  Амалга татбиқ қилиниши давом этаётган лойиҳалар  ҳам ҳисобга олинса, ушбу станцияларнинг умумий қуввати 1,4 минг мегаваттни ташкил этади.   

Таъкидлаш керакки, икки мамлакат етакчилари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган муносабатлар кўп қиррали ўзбек-турк ҳамкорлигини ривожлантиришга замин яратди. Икки мамлакат президентларининг ўзаро расмий ташрифлари ва доимий алоқалари конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлади ва самарали амалий шерикликка кенг йўл очди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеёвнинг таклифига асосан 2022 йилнинг мартида Туркия Республикаси Президенти Режеп Эрдўғаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи дўстона алоқаларнинг мантиқий  мантиқий давоми бўлди. 

Ушбу ташрифнинг тарихий аҳамияти шундаки, ўзаро саъй-ҳаракатлар, алоқалар кўламини эътиборга олган ҳолда икки давлат раҳбарлари ҳамкорликни янги босқич – ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилди. Бунинг учун томонлар музокаралар давомида ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари, жумладан, транспорт, тўқимачилик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашинувлар каби йўналишларга батафсил тўхталишди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар доирасида алоқаларни мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, таълим, илм-фан, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳасида ўзаро  келишувларга эришилганини таъкидлаш лозим. 

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Эрдўған Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги муносабатларда савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни кооперация дастурлари ва лойиҳаларни амалга ошириш йўли билан янада кенгайтириш муҳим йўналишлардан бири эканлигини таъкидлаб ўтишди. Шу асосда томонларнинг мавжуд улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солиш, жумладан, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия механизмидан фаол фойдаланган ҳолда ривожлантириш зарурияти қайд этилди.  

Қўшма баёнот имзоланган олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши натижаларига ҳам ушбу расмий ташриф доирасида ижобий баҳо берамиз. Бундан ташқари, ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасида кўп томонлама ўзбек-турк ҳамкорлигини янада ривожлантириш кўзда тутилган 9 та ҳужжат, жумладан, преференциал савдо тўғрисидаги битим, давлат чегаралари орқали товар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўғрисидаги ахборот билан аввалдан  алмашинув тўғрисидаги баённома, Қурилиш соҳасида ўзаро англашув меморандуми ва шу кабилар имзоланди.    

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шериклик даражаси ошишида турли даражали давлат ташкилотлари (парламентлар, вазирлик ва идоралар), шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари ва оддий фуқаролар ўртасида йўлга қўйилаётган муносабатлар ҳам муайян аҳамиятга эга. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси (O'zLiDeP) билан Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси (Adalet ve Kalkınma Partisi, АТП) ўртасидаги муносабатларни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Делегация таркибида АТП вакиллари О.Челик, О.Местен ва бошқалар ҳам юртимизга ташриф буюрди. Туркия Президентининг расмий ташрифи доирасида АТП вакиллари билан O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раҳбарияти учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқотда икки партиянинг жамиятда ижтимоий-сиёсий вазиятни мувозанатга келтирувчи эркин бозор иқтисодиётининг муҳим таркибий элементлари сифатида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, хусусий бизнесга солиқ ва молиявий имтиёзлар бериш, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш учун давлат-хусусий шериклиги ташкил этилишига  мақбул шароитлар яратиш, энг тараққий этган давлатлар қаторига киришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар ва шу кабилар бўйича позициялари ўхшаш эканлиги қайд этилди.   Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки,   мазкур икки сиёсий куч партиялараро ҳамкорлик асосида ўзбек-турк стратегик шериклигини мустаҳкамлаш бўйича улкан салоҳиятга эга. 

Учрашув доирасида икки давлат учун устувор йўналишлар, хусусан, иқтисодий дастурларни амалга ошириш, мамлакатлар ҳудудлари ўртасида  ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш бўйича икки томонлама ўзаро саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш мақсадида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш йўли билан партиялараро самарали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.  

Хулоса тариқасида қайд этиш керакки, Туркия президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи ва унинг натижалари стратегик ҳамкорлик ҳамда икки мамлакат давлат идоралари, ишбилармонлик ва жамоатчилик доиралари ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланишининг ёрқин намунаси бўлди, шунингдек, ўзбек-турк муносабатларини ҳар томонлама янада ривожлантириш йўлларини кўрсатиб берди.  

Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси 

  • Кўрилди
    579
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+