Қамашилик томорқачи ҳовлисидан қандай қилиб 120 млн сўм даромад олиш сирини айтди

01.04.2022, 18:05

Қамашилик томорқачи ҳовлисидан қандай қилиб 120 млн сўм даромад олиш сирини айтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қашқадарё вилоятида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатларини ўрганишмоқда.  Ишчи гуруҳ вакиллари томорқасини қаровсиз ташлаб қўйган хонадон соҳибларини ҳам аниқлаб, уларга тегишли чоралар кўрилмоқда, имконияти йўқ хонадонларга экин экишда кўмаклашяпти. Бундан ташқари Кенгаш ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан иссиқхоналар, сувсиз маҳаллаларга артизан қудуқлар қуриб беришда имтиёзли кредитлар ажратиб беряпти.

Актам Хаитов ўрганишлар давомида Қамаши туманидаги “Ғиштли” МФЙ ҳудудидаги Олмазор қишлоғида яшовчи Қурбонмурод Ҳимматов хонадонида бўлди. Қурбонмурод ака ўзининг 20 сотих томорқасидан ҳар йили 120 млн сўм даромад олади. Бунга у томорқа ерларини қишин-ёзин бўш қўймай, бозорга турли маҳсулот чиқариб тургани туфайли эришмоқда. Қишлоқ аҳолиси қўлида 15-20 сотих ер мавжуд, аммо ҳамма томорқачилар ҳам. Қ. Ҳимматов каби даромад топа олмайди. Бунинг сабаблари ҳақида у шундай дейди:

-Очиқ айтадиган бўлсам, қишлоғимиз аҳолисининг ҳаммаси ҳам томорқа даромад манбаи эканини яхши билади, аммо баъзи кишилар сув йўқлигини, йил қурғоқчилик келганини ва қишда иссиқхонани иситиш учун газ йўқлигини баҳона қилиб, ерини қаровсиз қолдиради, экса ҳам кам ҳосил олади, - дейди Қ. Ҳимматов. - Тўғри, тан олиш керак, қишлоғимизда сув муаммоси бор, лекин бу муаммони оқилона хатти-ҳаракат, ер илмини яхши билиш орқали енгиб ўтса бўлади. Мана, масалан ўзимдан қиёс, 3,5 сотих томорқам гарчи қишлоғимизда табиий газ бўлмаса-да, қишин-ёзин бўш турмайди. Эрта баҳорда помидор экиб, май ойида чиқарсам, ёзда бодринг экаман, куз-қиш ойларида иссиқхонамда турли кўкатлар экиб, бозорга чиқараман. Айни ёзда, пишиқчилик пайтда сув танқислиги сезилади. Шунда мен ўзимнинг сув ташиш техникаларим орқали каналдан сув ташиб, ҳовузни тўлдираман ва иссиқхонани томчилатиб суғораман.

Қурбонмурод ака 36 туп токни вайиш қилиш, кесиш, шакл бериш ва ҳашаротларга қарши курашишда ҳам яхшигина тажриба тўплаган.

- Томорқамдаги мана шу токлар менинг асосий даромад манбаим ҳисобланади. Чунки ҳар йили 36 туп токдан 3 тоннадан зиёд узум олиб, бозорга чиқараман. Деҳқончилик илмини яхши билсангиз, парваришни, ишловни вақтида кам-кўстсиз амалга оширсангиз, кам бўлмайсиз, ер сизни боқади. Айтишади-ку, ерни боқсанг, ер сени боқади, деб, - дейди томорқачи. –Бир ёшим 60 га яқинлашган бўлса-да, тиним билмайман, ишлаган сари ишлагим келаверади. Меҳнатга чанқоқлигимнинг сири эса 4 ўғлимни олий маълумотли қилганим, ҳозирги кунда кенжа ўғлимни Россия федерациясида нефт-газ соҳаси бўйича контракт асосида ўқитаётганим, тўйлар қилиб, автомобиллар харид қилганим туфайлидир. Бошқа менда қўшимча  даромад оладиган ҳеч қандай манба йўқ. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: тўкис яшашингиз, фарзандларниг орзуларини амалга ошириш ва қишлоқда обру эътиборли инсонга айланишингиз томорқа орқасидан экан, бу албатта, одамга  илҳом беради-да, тинимсиз меҳнат қилишга ундайди-да.

  Томорқачи ҳовлисида тоғда ўсадиган ва баҳорда очиладиган лолани хонакилаштириш ва кўпайтириш бўйича иш олиб бормоқда. Изланувчан ва ташаббускор бу томорқачини “Ғиштли” МФЙда яшовчи қишлоқ аҳли  “ўзимизнинг томорқачи акамиз” дея ҳурмат билан тилга олишади. Бундай шарафга сазавор бўлиш ҳам катта бахт.

 O'zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    375
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+