Нарх-наво барқарорлиги сақланади

01.04.2022, 18:08

Нарх-наво барқарорлиги сақланади

Шу кунларда юз берган ун, ўсимлик ёғи ҳамда шакар нархларининг баландлашиши ва валюта бозоридаги ўзгаришлар аҳолини бироз ўйлантиргани, хавотирга солгани сир эмас. Аммо, узоқни кўриб, олиб борилаётган сиёсат ушбу вазиятни бирмунча изга солинишига ёрдам бермоқда.

Албатта, тизимнинг бошида давлатимиз раҳбари туриб, назоратни қўлга олди. Ўтган ойнинг бошида алоҳида комиссия тузилиб, барча хавф-хатарлар ҳисоб-китоб қилингани ва энг долзарб йўналишларда ўз вақтида тезкор чораларни кўришга киришилгани бугун амалда натижасини бермоқда. Бу ҳақида давлатимиз раҳбари 31 март куни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Натижада Тошкент товар-хомашё биржасида чет эл корхоналари буғдой, ун, шакар, ўсимлик ёғи каби маҳсулотларни савдога қўйишни бошлади. Ҳатто, темир йўл орқали ташишда ички тарифлар қўлланилмоқда. Йиғилишда яна бир ҳафта ичида хорижий йирик ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи савдо ташкилотларини Товар-хом ашё биржаси савдоларига кенг жалб қилиш, темир йўл тарифлари ва таннархни янада пасайтириш чораларини кўриш вазифаси қўйилгани мавжуд вазиятни янада юмшатишга кўмак беради.

Шунингдек, кўрилган чоралар валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашишига ҳам сабаб бўлди. Айни пайтда эса биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланди. Йиғилишда айни шу мавзуга тўхталинар экан, “Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли”, - дея таъкидлади Президент.

Мавжуд вазият тадбиркорлар фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатиши табиий. Шу боис, ҳар кунлик ҳолатдан хабардор бўлишлари учун уларга эндиликда Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари томонидан валюта бозоридаги вазият, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмлари бўйича тушунтириш бериб борилади. Шу билан бирга, уларнинг муаммолари вилоят раҳбарлари томонидан тингланиб, имкон қадар кўмак берилишига жиддий эътибор қаратилади. Бу борада Қорақалпоғистон, Андижон, Сурхондарёда тадбиркорларнинг муаммоларини ичига кириб, кўп таклифлар тайёрлангани қайд этилди ва қолган вилоятлар ҳам жонланиши айтиб ўтилди. Масалаларни доимий таҳлил қилиш ва тезкор чораларни кўриб бориш учун эса Бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штаби ташкил этилиши мазкур йўналишдаги ишлар янада силжишига туртки бўлади. Чунки штаб бозордаги нарх-навони кундалик аҳволи бўйича зарур тезкор чораларни кўриб боради. Ваҳоланки, ушбу ёрдамлар туфайли бозорларда гўшт, сут, картошка, тухум, гуруч нархлари барқарорлиги сақланмоқда.

Қолаверса, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун аввал берилган 500 миллиард сўм имтиёзли ресурсларнинг қайтариш муддати йил якунига қадар узайтирилиши, биржа савдоларида озиқ-овқат ва хом ашёнинг тўлиқ қўйилиши устидан кунлик назорат ўрнатилиши, ҳудулардаги нархлар эса туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳам  диққат марказида туриши нарх-навонинг сунъий равишда ошишининг олдини олади.

Яна бир гап. Йиғилишда Президент йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш, бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлади. Иқтисод қилинган маблағлар ўша ҳудуд ва тармоқни ривожлантиришга сарфланади.

Россия ва Украинадаги вазият сабаб у ерда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантлар Ватанга қайтишга мажбур бўлишмоқда. Биргина Сирдарё вилоятига 2 минг, Наманган вилоятига эса 17 минг мигрантнинг қайтиб келиши бунга мисол бўлади. Бошқа ҳудудларда ҳам шу ҳолат кузатилаётир. Мазкур вазият, биринчи навбатда уларни банд қилиш масаласини ўртага ташлайди. Давлат раҳбари бу ҳолатга ҳам алоҳида тўхталиб, вилоят ҳокимларига ватанга қайтган меҳнат мигрантларини қурилиш ишларига жалб қилиш бўйича топшириқ берди. Уларга асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидия ҳам ажратилади. Натижада 100 минг фуқаронинг расмий бандлиги таъминланади.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    296
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+