Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан қандай таклифлар берди?

05.04.2022, 09:39

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан қандай таклифлар берди?

Жорий йилнинг 4 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Айниқса, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.

Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда ёпиқ ва очиқ электрон рақамли имзо калитларини яратиш, ЭРИ калит сертификатларини бериш бевосита рўйхатга олиш марказларининг ўзлари томонидан амалга оширилмоқда. Бу эса республика бўйлаб ЭРИдан фойдаланиш кўламини чеклайди.

Мазкур қонун лойиҳасида бўйсунувчи рўйхатга олиш марказларини ташкил этиш белгилаб қўйилган. Унга кўра, бўйсунувчи рўйхатга олиш марказларига нисбатан рўйхатга олиш маркази асосий рўйхатга олиш марказининг функцияларини бажаради ва унинг ҳаракатлари учун жавобгар бўлади.

Ушбу янгилик очиқ калит инфратузилмасини самарали ривожланишига олиб келади. Чунки рўйхатга олиш марказлари ўзларига бўйсунувчи рўйхатга олиш марказларини ташкил этиб, улар орқали кўплаб аҳолига хизмат кўрсатиши ва рўйхатга олиш марказининг тезкорлигини таъминлаши мумкин.

Қонун лойиҳасида марказлашган ҳолда ишончли сақлаш (булутли технология) тизимидан фойдаланиш имконияти келтирилган. Бу давлат хизматларини олиш ва ҳисоботларни топшириш учун ЭРИ воситаларидан фойдаланиш мақсадида ишончли сақлаш тизимидан (булутли технологиялардан) фойдаланиш имкониятини яратади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифлар берди. Қолаверса, ушбу ҳужжат электрон ўзаро ҳамкорлик иштирокчиларига қулайлик яратиш ва ЭРИдан фойдаланишда юзага келадиган тўсиқларнинг олдини олишга хизмат қилишини айтиб, уни маъқуллашди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

  • Кўрилди
    485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+