Ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун етук кадрлар тайёрланади

06.04.2022, 14:32

Ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун етук кадрлар тайёрланади

Ҳеч эътибор қаратганмисиз, ҳудудларда ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун малакали кадрлар заҳираси ниҳоятда кам. Лекин бундай кадрларга эҳтиёж доим юқори бўлган. Чунки гўшт ва сут маҳсулотларига талаб катта ва уни етиштириш учун чорва моллари зотини ва сонини кўпайтириш талаб этилади.

Савол туғилиши мумкин, бу соҳа учун етук кадрларни қайси олийгоҳлар тайёрлайди? Умуман бу соҳада кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиляптими? Шу йилнинг 31 март куни Президентимизнинг “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва бу қарор том маънода соҳани изчил ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Бу қарор асосида Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилди.  Бу университетнинг асосий вазифаси ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрларни тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бу қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати ҳақида айтадиган бўлсам, ветеринария соҳасида таълим жараёнларининг бевосита амалиёт билан уйғунликда ташкил этилишини, илм-фан ва технологиялар интеграциясини таъминлаш мақсадида Университет ҳузурида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки ташкил этиш белгиланди. Технопарк таркибида ветеринария лаборатория-диагностика ва профилактика-даволаш клиникаси, сунъий уруғлантириш ва наслчилик-селекция маркази, чорвачилик ҳўжаликлари ва аҳоли хонадонида парваришланаётган ҳайвонлар учун озуқа етиштириш, жамғариш ва тайёрлаш бўйича уларга амалий ёрдам кўрсатадиган маслаҳат маркази йўлга қўйилиши соҳа ривожи учун муҳим янгилик ҳисобланади.

Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти» Миллий тадқиқот университети қошидаги Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтида 2022/2023 ўқув йилидан бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шакллари бўйича «Чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси» таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.  Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қамаши хизмат кўрсатиш техникуми негизида Университетнинг Қамаши ветеринария медицинаси техникуми ташкил этилади. Университет Ветеринария илмий-тадқиқот институти, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Мен аминманки, барча соҳалар қатори чорвачилик ҳамда ветеринария соҳасига катта эътибор қаратилаётгани юртимизга тўкинлик ва қут-барака олиб келади. Қут-баракали юртда эса тараққиёт бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    520
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+