Термизда “Шаҳар куни” нишонланиши керак

06.04.2022, 16:56

Термизда “Шаҳар куни” нишонланиши керак

Ўзбекистоннинг “Жануб дарвозаси” дея эътироф этиладиган Термиз шаҳри қадимийлиги ва жаҳон тамаддунида муносиб ўрин тутиши билан дунёдаги энг қадимий, бетакрор маданият ва буюк тарихга эга Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарлар қаторида туради. Тарихда Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси бўлиб ҳисобланган Термиз шаҳрининг бу муҳим хусусияти ҳозир ҳам долзарб ҳисобланади.

Айниқса, сўнги йилларда Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг юксак даражада йўлга қўйилгани, ўзаро муносабатларнинг стратегик шериклик даражасига кўтарилгани натижасида Термиз том маънода Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси бўлиб, мамлакат иқтисодий тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг тинчликпарвар ва халқпарвар сиёсати туфайли Термиз шаҳрининг қадимги шуҳрати яна қайта тикланди десак, муболаға бўлмайди. Қўшни давлатлар билан амалга оширилаётган сармоявий лойиҳалар, доимий ўсиб бораётган ўзаро савдо-сотиқ ҳажми, нафақат минтақавий, балки бутун дунё аҳамиятига эга бўлган янги йирик транспорт-логистика коридорларининг яратилиши, шунингдек, шаҳарда жаҳон андозалари даражасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида Термиз дунёга очилиб, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти тоборо юксалиб, меъморий қиёфаси ҳам кўркамлашиб бормоқда. 

Бундан 20 йил олдин, яъни 2002 йил 2 апрель санасида 1999 йил Парижда ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 30-сессиясининг “Термиз шаҳрининг 2500 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш ҳақида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Термиз шаҳрининг 2500 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланган эди. 

Шаҳарнинг 2500 йиллиги муносабати билан барпо этилган Археология музейи Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва Марказий Осиёда ягона бўлиб, унда воҳанинг қадимий маданияти, Термизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган нуфузли ўрни ҳамда тарихий аҳамиятидан дарак берадиган минглаб ноёб археологик экспонатлар сақланади. 

Бу қадимий диёр беназир аллома Ҳаким ат-Термизий, ислом дунёсида олти буюк муҳаддисдан бири сифатида тан олинган Абу Исо ат-Термизий, тариқатчи Абу Бакр Варроқ Термизий, муаррих Самандар Термизий, мумтоз шоир Собир Термизий каби юзлаб азиз авлиёлари билан ҳам дунёга маълум ва машҳурдир. 

Термиз қадимдан ҳарбий-мудофаа қалъаси бўлиб келган, ўзининг мустаҳкам ва ишончлилиги билан ном қозонган. Хусусан, Авестода “Байроғи- туғи баланд эрлар юрти” дея таърифланган бўлса, буюк муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг машҳур “Зафарнома”сида Термиз аҳолисининг мўғул босқинчиларига қарши фидокорона кураши тасвирланган бўлиб, бу шаҳарнинг “Мадинат ур-рижол”, яъни “Мардлар шаҳри” деб аталгани қайд этилган. 

Термиз шаҳри 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан “Амир Темур” ордени билан мукофотланган. Соҳибқирон Амир Темурнинг айнан Термиз яқинида ўзининг пири бузруквори Мир Саййид Баракадан ҳокимият рамзи бўлган байроқ ва жанговар ноғорани қабул қилиб олгани ҳам бежиз эмас, албатта. 

Умуман айтганда, Термиз ҳар ким умрида бир маротаба бўлса ҳам келиб кўришига, саёҳат ва зиёрат қилиши учун дунёнинг энг муносиб шаҳарларидан биридир. Шу маънода Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакат сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва ундан самарали фойдаланишга қаратилган кўплаб янги ташаббуслар, амалий чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилганлиги қувонарлидир. Айниқса, Жиззах, Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши белгиланган кенг кўламли аниқ манзилли чора-тадбирлар диққатга сазовордир. 

Тараққиёт стратегиясида сайёҳликни ривожлантириш борасида белгиланган чора-тадбирларга уйғун равишда юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда Термиз шаҳрида ҳам “Шаҳар куни”нинг белгиланиши ва ҳар йили ушбу сананинг тантанали нишонланишининг йўлга қўйилиши шаҳарнинг иқтисодий фаоллиги ва сайёҳлик салоҳияти янада ортишига хизмат қилган бўлар эди. 

Шу ўринда “Шаҳар куни” белгиланиши ва нишонланиши тўғрисида қисқача тўхталиб ўтиш жоиздир. Одатда дунёнинг аксарият тарихий ва йирик шаҳарларида турли саналар муносабати билан масалан, шаҳарнинг ташкил топиши ёки шаҳар тарихида ўчмас из қолдирган воқеликлар билан боғлиқ саналар “Шаҳар куни” сифатида белгиланиб, байрам сифатида тантанали нишонланиб келинаётганлигини кузатиш мумкин. Мисол учун 248 йилда Рим шаҳрининг 1000 йиллиги нишонланганлиги тарихдан маълум. Мамлакатимизда эса 1996 йилдан буён 18 октябрь санаси Самарқанд шаҳар куни сифатида нишонланиб келинади. 

“Шаҳар куни”ни белгилашда нишонлаш қулай бўлиши учун кўпинча дам олиш кунлари ёки аниқ саналар белгиланиб келинган. Масалан, Термизнинг 2500 йиллиги нишонланган 2 апрель санасини “Шаҳар куни” сифатида белгилаш мумкин ва ёки сайёҳлик мавсумини, шунингдек, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда бошқа саналарни ҳам ўрганиб, қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Шу ўринда яна бир таклиф, Термизнинг ўтмишдаги ҳамда ҳозирги кундаги муҳим ҳарбий стратегик аҳамиятини эътироф этиш, ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фахр-ифтихор туйғусини шакллантиришга кўмаклашиш, уларга қадимда шаҳар аҳолисининг эл-юрт мудофааси йўлидаги қаҳрамонликларини ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида “Термиз – мардлар шаҳри” номли мўъжазгина тарихий ёдгорлик мажмуаси ва хиёбони барпо этилиши ҳам бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрлаш, она Ватанимизнинг ҳар қаричини асраб-авайлаш, бузғунчи ёт ғоялардан ҳимоя қилишга чорлашга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Шунингдек, шаҳар аҳолиси, меҳмонлар ва сайёҳларда шаҳарнинг қадимги довруғи ва бугунги замонавий меъморий қиёфаси тўғрисида муносиб тасаввур ҳосил бўлиши учун асосий магистрал йўлларнинг шаҳарга кириш жойида “Термизнинг қадимий дарвозалари” кўринишида меъморий объектлар барпо этилиши ва албатта, шаҳарга кираверишда “Амир Темур” орденининг порлаб туриши шаҳарнинг жозибадорлигини янада оширади. 

Мазкур таклифларнинг жамоатчилик ва мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланиб, амалга оширилиши Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида мамлакат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, шаҳарнинг қадимий тарихини жонлантириш, шаҳарда обод масканларнинг кўпайиши, шунингдек, воҳамизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини оширишга, уларнинг саёҳатини мазмунан бойитишга хизмат қилади, деб ўйлайман. Зеро, Термизни мадҳ этиш, Ватанимиз тарихининг бир бўлаги сифатидаЎзбекистонни мадҳ этишдир. 

Ботир Мардаев,  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати 

  • Кўрилди
    426
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+