Йўл қурган етар муродга...

08.04.2022, 13:58

Йўл қурган етар муродга...

Халқимиз топиб айтган бу мақол замирида чуқур маъно бор. Чунки йўлларнинг равонлиги, кафтдек текислигига не етсин. Йўл қанча соз ва кўнгилдагидек бўлса, инсон манзилга беховатир етади. Иқтисодиётимиз ривожи учун ҳам йўлларнинг давлат стандартлари талабига мослигининг аҳамияти ниҳоятда катта. Эътибор берган бўлсангиз, кейинги йилларда мамлакатимизда йўлларни жаҳон стандартлари талаблари асосида қуриш борасида катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аммо шундай бўлишига қарамасдан ички йўлларни созлаш ва таъмирлашда ҳали муаммолар жуда ҳам кўп.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни ички йўлларни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш масалалари ижроси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу учала вазифа ҳам инсон қадри, халқ розилиги билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тан олиш керак, бугун ички йўллар аҳволи одамларнинг қийнаётган катта муаммолардан бирига айланган. Йўл азоби гўр азоби деганларидек,  биргина “Ташаббусли бюджет” портали орқали тушган 20 мингта таклифнинг 25 фоизи шу масалага оид бўлгани унинг долзарблигини кўрсатиб турибди.

Бу борада янги-янги ташаббуслар ҳам ўртага ташланмоқда. Масалан, ички йўллар сифатини яхшилаш борасида Андижон вилоятида янги тажрибага қўл урилди. Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер очилиб, чекка маҳаллалардаги 23 километр йўл бетон йўлга алмаштирилди. Бунинг афзаллиги нимада деган савол туғилиши табиий, албатта. Бунда асфальтдан воз кечилгани эвазига 600 миллион сўм маблағ иқтисод қилинди ва  350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежаб қолинган.  Муҳими, мазкур кластер бу йўлларни сифатига 10 йил давомида жавобгарликни зиммасига олган.

Видеоселекторда бу ташаббусни республика миқёсида ёйиш бўйича топшириқлар берилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари тажриба асосида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2 минг 300 километр цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этишга топшириқ берди. Йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, 1 майдан бошлаб йил якунига қадар, цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари импорти божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилинади. Бундан ташқари, жорий йилда туман марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этиш мўлжалланмоқда.

Умуман олганда, йўлларимизнинг яп-янги ва кафтдек текис бўлиши ҳаммамиз учун яхши. Ахир ҳар куни, ҳар биримиз йўл босамиз, хизмат юзасиданми, шахсий ишми, ҳартугул йўлга чиқамиз. Ойнадек текис йўлларда манзилимизга бехавотир етиб олишга не етсин. Шундай экан, бу долзарб масалани ижобий ечим топишида ҳар биримиз ўзимизни масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    528
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+