Зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечилади

11.04.2022, 16:35

Зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечилади

Айни пайтда, мамлакатимизда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга жадал киришилди.

Жорий йил 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш орқали камбағалликни икки баравар қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини, хусусий инвестициялар ҳажмини кескин ошириш ҳамда бизнес доираларнинг ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу фармонда бир қатор йўналишлардаги долзарб вазифалар  белгилаб берилди.

Жумладан, давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларини трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштиришни жадаллаштириш, иқтисодиётда самарасиз ишлаётган корхоналар улушини камайтириш ҳисобига сифат жиҳатидан янги, хусусан, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асосланган инвестициялар ва ишлаб чиқариш унумдорлиги юқори бўлган технологияларнинг кўпайишини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва йирик корхоналарда давлат улушининг узоқ вақт сақланиши бозор механизмларига ўтишнинг кечикишига, меҳнат унумдорлигини ошириш, янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва соҳага илғор технологияларни жорий этиш, хусусий капитални фаол жалб қилган ҳолда янги иш ўринлари яратишга ўз таъсирини кўрсатади.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида давлат корхоналари трансформация қилинади. Яъни, трансформация дастури уларнинг ишлаб чиқариш, харид қилиш, сотиш ва инвестициявий фаолият самарадорлигини оширишга ва маҳсулот сифатини оширишга қаратилган тадбирлар мажмуини ўз ичига олади. Натижада давлат корхоналарининг халқаро бозорда рақобатбардош ўринга эга бўлиши, улар фаолиятида хусусий капитал иштироки, очиқлик ва шаффофликка асосланган замонавий корпоратив бошқарув тизимининг яратилиши таъминланади.

Жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, иқтисодиётда давлат иштироки Жанубий Кореяда 22%ни, Германияда – 18%ни, АҚШда – 11%ни ва Японияда – 5%ни ташкил этади.

Жорий йилнинг 14 март куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинган ҳамда 25 та давлат корхонасида операцион самарадорликни оширишда сусткашликка йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилган эди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда бу йўналишдаги ишлар кўплаб йирик корхоналарни қамраб олиши белгиланди.

Ҳозирги замон талабига жавоб бермайдиган, зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечиш, уларни хусусийлаштиришни жадаллаштириш, янги иш ўринларини яратишда, демакки, аҳолининг доимий даромад манбаларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    928
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+