Сайёр қабулда депутатга қилинган 15 та мурожаат ижобий ҳал қилинадиган бўлди

13.04.2022, 15:22

Сайёр қабулда депутатга қилинган 15 та мурожаат ижобий ҳал қилинадиган бўлди

Сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиш, аҳолининг талаб ва таклифларини ўрганиш, уларнинг дардларини тинглаш, муаммоларни имкон даражасида жойида ҳал этишда синалган воситалардан бири.

“26-Хайробод” сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Элёр Тўрақуловни жонкуяр, эл-юрт ташвишини ўйлаб яшайдиган, мурожаатларни эътиборсиз қолдирмайдиган депутат сифатида яхши билишади.

Шу сабаб, Файзобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 55-умумтаълим мактаби мажлислар залиида бўлиб ўтган сайёр қабул ҳам аҳоли билан гавжум бўлди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда маҳалла аҳолиси, айниқса, тадбиркор ва фермерлар, ёшлар бандлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув давомида аҳолидан 15 та мурожаатлар тушган бўлса, уларнинг аксарияти шу ерда ҳамкор ташкилот вакиллари иштирокида батафсил муҳокама қилиниб, ижобий ҳал этилди.

Масалан, Файзобод МФЙ ҳудудидаги ичимлик суви линиялари ёрилиб, яроқсиз бўлиб қолганлиги ва уни янгисига алмаштириш юзасидан Илҳом Ибрагимовнинг, Обиҳаёт даҳасининг 1,7 км даги табиий газ линиясини янгиси билан алмаштириш ҳамда ички йўлларни таъмирлаш бўйича Саидқул Алиқуловнинг мурожаатлари мутасадди ташкилотлар назоратига олинди.

 Гулҳаё Жонзоқова эса Жиззах шаҳар “Ишга марҳамат” Мономарказида компьютер дастурлаш бўйича 3 ойлик курсини тамомлаганини айтиб, ишга жойлаштиришда ёрдам сўраб депутатга мурожаат қилди. Гулҳаёнинг мурожаати ҳам мутасаддилар назоратига олиниб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.

 Сайёр қабул давомида шунингдек, маҳаллаларда, аҳоли, айниқса ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий, якка ва хусусий тадбиркорликни кенг жалб этиш, бу борада ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилаётган ишларда кўмакдош бўлиш вазифалари ҳақида ҳам маҳалланинг ҳурматли инсонлари, тажрибали тадбиркор ва фермерлар билан алоҳида маслаҳатлашиб, амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Холбек АСАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Ёшлар ва

бизнес тузилмалари билан ишлаш

бўлими мудири

  • Кўрилди
    601
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+