ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ИЖРОСИ O‘zLiDeP ишчи гуруҳлари назоратида

14.04.2022, 16:59

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ИЖРОСИ O‘zLiDeP ишчи гуруҳлари назоратида

Маълумки, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг жорий йил 31 декабрдаги қўшма мажлисида “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқувчи O‘zLiDeP ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Унга кўра давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича йўл харитаси ҳамда фракция аъзолари, партия фаоллари ва мутахассис-экспертлардан иборат 21 та ишчи гуруҳлари тузилди. Ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи комиссия таркиби тасдиқланди. Гуруҳларнинг самарали ишлаш механизмлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий йўриқномалари белгиланди.

Айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида гуруҳлар томонидан 15 та республика даражасида ва 70 дан ортиқ ҳудудий тадбирлар ўтказилди.  Маҳалла институти самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, Халқ депутатлари кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш ҳамда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масалалари ҳар томонлама ўрганилди.  “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида аризаларни электрон кўринишда онлайн режимида қабул қилиш бўйича ҳамда маҳалла орқали расмийлаштириладиган ва олинадиган барча турдаги ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш тизимини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга таклифлар киритилди.

Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси институтининг самарали фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Маҳалла давлат-хусусий шериклик асосида спорт иншоотлари, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари, тадбиркорлик объектлари каби инфратузилмани яратиш даркор. Халқ депутатлари кенгашларининг ижтимоий-иқтисодий масалаларни, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ваколатларини янада кенгайтириш, ролини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича уларнинг масъулиятини кучайтириш,  маҳаллий кенгашлар ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш орқали алоҳида қонунларни қабул қилишга эҳтиёж бор.   Шу боис маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари билан, маҳаллий Кенгашларнинг Олий Мажлис Сенати билан, ҳокимликларнинг вазирликлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига таклифлар шакллантирилди.

Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш, вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқарога хизмат қилишга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллий кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари регламенти тўғрисида”, Маҳаллий кенгашларнинг назорат функцияларини кенгайтириш, уларни тизимлаштириш мақсадида “Халқ депутатлари Кенгашлари назорати тўғрисида”, туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод тегишли маҳаллий кенгашда энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилиши амалиётини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳаларига таклифлар тайёрланмоқда.

Мухтасар айтганда, ишлар таҳлили шуни кўрсатадики, ишчи гуруҳларимиз фаолиятини янада кучайтириш учун қуйидагиларга эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўлади:

биринчидан, барча ишчи гуруҳлар ҳудудларда ўрганишларни комплекс олиб бориш, уларнинг якуни бўйича вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳларнинг йиғилишини ўтказиш, соҳадаги муаммоларни муҳокама қилиб, хулоса ва таклифларни умумлаштириш;

иккинчидан, давлат дастуридаги вазифаларнинг ижроси бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси йиғилишларида барча масъул вазирликларнинг ахборотини эшитиб, ҳукумат соатига таклифлар киритиш;

учинчидан, ишчи гуруҳлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишни кучайтириш, таҳлилий маълумотлар тайёрлаган ҳолда газеталарда мақолалар чоп этиш ва тараққиёт стратегиясининг ижроси бўйича кенг мулоқот (жамоатчилик назорати) майдонини яратиш;

тўртинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларидаги ишчи гуруҳлари ҳудудий дастурлар ижросини доимий назоратини йўлга қўйиши, бу борада депутатлик назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориш, маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссия ва сессияларига таклифлар киритишни кўпайтириш;

бешинчидан, ишчи гуруҳлари билдираётган хулоса ва таклифларни умумлаштирган ҳолда амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар пакетини тақдим этиш лозим.

Насимжон АЛИМОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Сиёсий таълим маркази раҳбари

  • Кўрилди
    581
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+