Фармацевтика саноатини ривожлантириш йўлидаги янги мақсадлар сари

15.04.2022, 13:29

Фармацевтика саноатини ривожлантириш йўлидаги янги мақсадлар сари

Сўнгги йилларда юртимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам фуқароларнинг соғлиғини асраб-авайлаш масаласи энг муҳим вазифалардан бири этиб белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Унга кўра, ўзимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг миқдори 80 фоизга етказилиши, тармоқдаги ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар яна 5 йилга узайтирилиб, замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналари ташкил этилиб, мавжудларини янада ривожлантириш режалаштирилганди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари халқимиз ҳаётида ўта муҳим ўрин тутувчи соҳа бўлган фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилиши ҳам ушбу йўналишдаги фаровонликка хисса қўшиши муқаррар.

Унда фармацевтика тармоғидаги кўрсаткичлар таҳлил қилиниб, қўшимча вазифалар белгиландики, бунда биз мазкур саноаттни ривожлантиришга иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани барқарор ривожлантиришнинг муҳим омили деб қаровчи партиямиз дастурий мақсадлари рўёбини кўрдик.

Хусусан, тармоқдаги экспорт масаласи муҳокама қилинар экан, унинг катта қисми Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан бўлаётгани алоҳида қайд этилди.

Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зонасидаги “UZGERMED PHARM” корхонасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ички бозорни маҳаллий дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада кўпроқ тўлдириш учун республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунгача дори ва тиббий воситалар ишлаб чиқариш учун қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган хомашёлар рўйхати бешта идора томонидан тасдиқланар эди. Эндиликда бу рўйхат учта – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тасдиқланиши белгиландики, бу ўз навбатида ишлаб чиқарувчилар учун қатор енгилликларни яратди.

Бир сўз билан айтганда, йиғилишда кўриб чиқилган ҳар бир масалада фармацевтика саноатида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, фармацевтика саноатининг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни таъминлашда ўз олдига устувор вазифа қилиб олган партиямиз депутатлари ҳам фаоллик кўрсатади.

Фармацевтика эркин иқтисодий зоналар фаолиятини самарали ташкил этиш, саноат плантацияларини яратиш ва доривор ўсимликларни етиштириш бўйича мақсадли дасурларни амалга ошириш сингари масалалар партиямиз сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларга уйғун ҳолда ўз ижобий ечимини топди, десак асло муболаға бўлмайди.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилоят

Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари

  • Кўрилди
    444
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+