Ишчи гуруҳлари ҳаракатда: Рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер”га айланади

21.04.2022, 12:59

Ишчи гуруҳлари ҳаракатда: Рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер”га айланади

Вақтчалик тўхтовсиз жараён бўлмаса керак. Ортга қайтариш имконсиз ушбу ҳодисани. Истасак-истамасак соат миллари тинимсиз айланаверади. Юрак уриши сингари сониялар дақиқаларнинг, суткаларнинг ўтмиш таркибига ўтишига ҳаракат қилаверади. Балки шунинг учун ҳаёт ҳаракатдан иборат, дегандир аввалги донишмандлар.

Мана, орзу-умидлар билан қадам қўйганимиз жорий йилнинг 111 куни тарих саҳифасига кириб улгурди. Бу эса дастлабки сарҳисоб палласи келганига, ғалвирни секин тортиб кўрадиган пайтлигига ишора. Модомики, биз ҳам журналистик ёндашув орқали олинган натижаларни таҳлил қилишда давом этамиз.

Зукко ўқувчиларга аён бўлганидек, газетанинг ҳар бир сонида “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлатдастури”да белгиланган вазифаларни бажариш бўйича O‘zLiDeP томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳларининг фаолиятини ёритиб бораяпмиз. Жумладан, ўтган сонда ўнинчи мақсаднинг мазмун-моҳияти, бунда партия депутатлик корпуси амалга ошираётган юмушлар очиб берилганди.

Бугун эса “Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш” йўналишида қилинаётган ишлар устидан жамоатчилик назорати қай даражада йўлга қўйилаётгани тўғрисида аниқ бир мисол доирасида фикр юритамиз.

 Янги Ўзбекистон – рақамли ва ахборот жамиятига эга мамлакат

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди платформасида айни шу номда алоҳида бўлим мавжуд. Унда ҳозирги шароитда тезкор ахборотлар стратегик омилга айлангани эътироф этилиб, мамлакат ривожи ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини таъминлашда замонавий коммуникация ва рақамли технологияларнинг барча жабҳалардаги муҳим ўрнига эътибор қаратилган. Жумладан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дас турини жорий этиш, “катта маълумотлар” (“Big data”), “блокчейн”, “ақлли шаҳар”, “хавфсиз шаҳар”, “интернет буюмлар” тизимларига босқичма-босқич ўтиш устувор вазифа сифатида қўйилган. Аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида ўзаро самарали мулоқотни шакллантириш, ортиқча сансалорлик ва буйруқбозликнинг олдини олишга қаратилган “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга оширишнинг аҳамияти кўрсатилган.

Тараққиёт стратегиясининг 25-мақсадида эса рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш масаласи ўз аксини топган. O‘zLiDePда тузилган 21 та ишчи гуруҳининг биттаси айни шу масалага масъул этиб белгиланган. Гуруҳ аъзолари қўйилган вазифанинг мониторингини тўлақонли юритиш учун ҳар ойда атрофлича ўрганишлар ўтказишяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати Ижтимоий тармоқлар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш сектори мудири Шараф Азбергенов томонидан йўналишлар кесимида олиб борилаётган таҳлиллар ўз самарасини бера бошлади. Инчунун, рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканларини ва ижтимоий объектларни, магистраль автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш бир ёки икки кунда бўладиган иш эмас. Узоқ давом этадиган жараён эса жиддий ва изчил назорат ўрнатилганда, сифат кўрсаткичлари мунтазам қиёслаб турилгандагина самара беради.

Ишчи гуруҳга мотивация бағишлаётган жиҳатлар ҳам Тараққиёт стратегиясининг ўзида мужассам. Яъни, мазкур вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши туфайли иқтисодиётнинг реал секторида ҳамда банк-молия соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 2026 йил якунига қадар 70 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

ДХШ лойиҳаларининг сифатини ошириш керак

Юқорида тилга олинган стратегияда ҳам, платформада ҳам давлат органлари фаолиятининг ахборот ресурслари ва технологияларини янада тараққий эттириш, соҳада давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) механизмини ривож лантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, иш юритишнинг тўлиқ рақамлаштирилишини таъминлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини соддалаштириш натижадорликка энг яқин йўлдан элтиши тайин.

Саноат тармоқлари ва аҳоли пунктларида ҳосил бўладиган чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда юқори технологияларни қўллаш, шунинг дек, қулай инвестиция муҳитини яратиш ҳам рақамлаштириш жараёнига бориб тақаляпти. Демак, соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ҳамда ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш масаласини дастлабки босқичидан тортиб, очиқ электрон платформага кўчириш вақти келди. Шаффофлик қанчалик кучайса, самарадорлик кўрсаткичлари шунчалик яхшиланади. Табиийки, эътирозлар акс этган мурожаатлар ҳам ўз-ўзидан камаяди.

– Ҳудудларда сайловчилар билан бўлаётган мулоқотларда аҳоли чиқинди полигонларининг ҳолати, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш соҳасида ҳали ҳам ечимини кутаётган кўплаб муаммолар мавжудлигидан шикоят қилишмоқда, – дейди парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов. – Бешариқ туманидаги Тўйчи Эрйигитов қишлоғининг Чашма кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролардан келган шундай муаммолар баён этилган мурожаат жойига чиқиб ўрганилганда одамлар ҳақли равишда эътироз билдираётганига гувоҳ бўлдик.

Мурожаатда айтилган чиқиндихона аҳоли яшаш жойидан 900 метр узоқликда жойлашган бўлиб, 3,7 гектар майдонни эгаллаган экан. Афсуски, чиқиндихона белгиланган тартибда жиҳозланмаган. Махсус техника йўқлиги учун кўмиш ишлари мунтазам олиб борилмаяпти. Натижада бадбўй ҳид тарқалиб, зарарли ҳашаротлар ва ёввойи ҳайвонлар кўпайган. Чиқиндиларнинг полигон ҳудудидан ташқарида ҳам сочилиб, аҳоли яшаш жойларига қадар тарқаб кетаётганлигини айтиб ўтирмайлик.

Ушбу масала бўйича шу ҳудудда истиқомат қилувчилар томонидан бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаатлар йўлланган. Лекин мавжуд муаммо ҳал этилмаган.

Учрашувлар давомида мазкур масалага масъул ташкилот ҳамда ДХШ асосида чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш хизматини кўрсатаётган “Ferghana Special Trans” МЧЖ раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотлар чиқиндихона атрофидаги муаммоларни ечиш имконини бермади. Фақатгина Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шарафутдинов томонидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси номига расмий сўров киритилгандан кейингина бироз силжиш кўзга ташланди. Қўмита томонидан масъулларни жалб этган ҳолда полигонда чиқиндиларни суриш, текислаш ва кўмиш ишлари ташкил этилиб, доимий назорат қилиш юзасидан Фарғона вилояти Экология бошқармасига тегишли топшириқлар берилди. Ҳозирда полигонда махсус техникаларни мунтазам ишлатиш, кунлик чиқиндилар зичланиб, тупроқ билан кўмиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, полигон ҳудудида жорий йил май ойида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш технологияси ўрнатиш мақсадида электр энергия тармоқларини тортиш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинган.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ишни тизимли йўлга қўйиш орқали бадбўй ҳидни йўқотиш, турли чиқиндиларнинг табиатга зарар етказишининг олдини олиш мақсадида келтирилаётган ана шу ускуналар ҳам рақамли технологиялар асосида ишлайди. АКТларнинг янада ривожлантирилиши эса чиқинди йиғиш техникаларининг қаерда ҳаракатланаётганидан тортиб, уларнинг қачон дарвозадан кириб келиши ва янги вазифага чиқиб кетишини мониторда кўрсатиб туриши мумкин. Президентимиз таъкидлаганидек, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси ривожланмаса, бош қа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” шарҳловчиси

  • Кўрилди
    417
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+