Ишчи гуруҳ хулосаси: Андижон тумани том маънода яшил маконга айланяпти

22.04.2022, 14:39

Ишчи гуруҳ хулосаси: Андижон тумани том маънода яшил маконга айланяпти

“Яшил макон”, “Яшил йиллик”  умуммиллий лойиҳа ва тадбирлари  Андижон туманида қандай амалга ошириляпти? Режалаштирилган ишларнинг бажарилиши қониқарлими?

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг олтинчи устувор йўналиши бўйича ЎзЛиДеП депутатлари, фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари “Истиқлол” МФЙда бўлиб ўтган мулоқотда мутасаддиларга  ана шу каби саволларни берди.

Маълум қилинганидек, шу йил баҳор мавсумида туманда 789,9 мингта мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазилиши мўлжалланган. Ҳозирги қадар 792,8 минг туп ниҳол экилди, бошқача ифодалаганда,  режа 100,4 фоизга бажарилди. Эътиборлиси,   экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  туман инспекцияси   томонидан ҳудуддаги деярли барча дарахт ва ниҳоллар “yashilmakon.eco” онлайн платформасига киритилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари – туман кенгаши депутати Нодирбек Маликов,  “Andijon parfum” МЧЖдаги БПТ етакчиси Дилшодбек Ҳакимов  кўчатларни ўтқазиш билан иш битмаслиги,  уларни асраш, парваришлаш кераклиги тўғрисида гапиришди.  Бунга жавобан маҳаллий ҳокимлик ва ободонлаштириш бўлими вакиллари суғориш тизимлари таъмирланиб, мавсумга шай қилиб қўйилгани, кўчат экилган айрим янги жойларга сув қувурлари тортилаётгани, ички кўчаларга ўтқазилган талай кўчатлар эса табиатсевар юртдошларимиз ихтиёрига топширилганини билдирдилар.   

Туман ҳокимлиги вакили фаолларимиз эътиборини қуйидаги фактга қаратди: “Дўнгқишлоқ” МФЙ ҳудудидаги адирликларнинг 97,5 гектарида барпо этилаётган “Янги Андижон” шаҳарчаси ер майдонларига 63 минг 200 туп павловния дарахт кўчатлари экилгач, томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди. Бу ишларга "Ulug‘norмaxsussuvpudrat'' МЧЖ  3 млрд 39 млн сўм харжлади.

Мулоқотдан сўнг иштирокчилар “Истиқлол”,”Обод” МФЙ ҳудудларига 200 тупдан ортиқ кўчат ўтқазишди. Экилган кўчатларни суғориш, парваришлаш мазкур маҳаллаларда яшовчилар  ва туман ободонлаштириш бўлими зиммасига юклатилди.

Муяссар Умурзоқова,

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши ходими

  • Кўрилди
    409
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+