Белгиланган вазифалар вилоят иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади

25.04.2022, 12:19

Белгиланган вазифалар вилоят иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 21-22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятида бўлиб, ҳудудлардаги ўзгаришлар билан яқиндан танишди, аҳоли билан дилдан суҳбатлар қурди, истиқболдаги режаларни белгилаб берди.

Президентимизнинг биринчи манзили янги ташкил этилган Кўкдала тумани бўлди. Таъкидлаш жоиз, мазкур туманни ташкил этиш ғояси Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ўрин олган эди. Аҳолига қулайликлар яратиш, урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида Кўкдала тумани ташкил этилди. Илгари Чироқчи тумани марказигача 2-3 соатлаб йўл юриларди, бу эса одамларга кўп қийинчилик ва харажатлар туғдирарди, ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўлар эди.

Янги ташкил этилган туман ҳудуди 171 минг гектар бўлиб, 32 та маҳалладан иборат. Лойиҳага кўра, Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этилади. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр тармоқлари қурилади. Бу каби эзгу ишлар замирида аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадлари мужассамдир.

...Бағрикенглик халқимизга хос хислат. Буни ота-онаси меҳридан айрилган болаларни ўз қарамоғига олган оилалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Қашқадарёлик Хонимова ва Холлиевлар оиласи 10 нафар, Суюнов ва Ҳамидовалар оиласи 8 нафар, Алланазарова ва Тўраевлар оиласи 5 нафар болани ўз фарзандларидек қабул қилганликларини Президентимиз маънавий жасорат деб атадилар. Ха, бу чинданда жасорат! Ўрнак бўлишга арзигулик, савобларга менгзагулик, кўпнинг дуосига лойиқ жасорат!

Президентимиз ташриф доирасида Косон туманидаги “Косон” фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди. Шу ерда сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга оид лойиҳалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари кластерларга қарашли ерларга сув етказиб бериш бўйича улар билан давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Энг муҳими, вилоятнинг ижтимоий соҳа ва инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун республика бюджетидан қўшимча 360 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Бундан ташқари, халқаро молия институтлари маблағларидан 100 миллион доллар имтиёзли маблағлар йўналтирилади ва ҳолати энг оғир бўлган объектларда аҳолининг бекаму кўст яшаши учун имкониятлар йўлга кўйилади. Янги мактаблар қуриш, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, электр энергияси, газ муаммоси каби масалалар дастлабки режа сифатида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Имтиёзли кредитлар, эҳтиёжманд аёлларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар, ижарада яшаётган аёлларга компенсация, ёлғиз ва муҳтож аёлларнинг фарзандлари учун давлат боғчалари тўлови бюджетдан қоплаб берилиши, 12 минг 410 нафар талаба қизларга контракт тўлови учун фоизсиз кредитлар ажратилиши, магистратурада контракт асосида ўқиётган 702 нафар талаба қизларнинг контракт пулларини бюджетдан тўлаб беришни таъминлаш каби имкониятлар, бу албатта вилоятликлар учун жуда катта янгилик бўлди, десам асло муболаға бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи ана шундай натижаларга, янгиликларга бой бўлди. Бу каби хайрли ишларнинг барчаси аҳолининг фаровон турмушига, вилоят иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади.

  

Гулшана ХУДОЁРОВА,

Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    477
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+