Ўзбекистон-Қирғизистон: ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари

26.04.2022, 13:11

Ўзбекистон-Қирғизистон: ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари

Қирғизистон Республикаси – Ўзбекистоннинг яқин  қўшниси. Бу мамлакатларни умумий тарих, маданият, тил ва қадриятлар бирлаштириб туради. Мустақилликка эришганимиздан сўнг дўстона муносабатларимиз   200 дан ортиқ ҳужжатдан иборат шартномавий-ҳуқуқий базага асосланган дипломатик алоқалар билан мустаҳкамланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги  шартнома (1996 йил декабрь) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги Стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги  декларацияни (2017 йил октябрь) алоҳида қайд этиш жоиз. 

Бугун биз Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг  ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий  ҳамкорликни ривожлантириш орқали қўллаб-қувватланаётган дўстлик, яхши қўшничилик,  ишонч ва  стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни  мустаҳкамлаш йўналишига содиқлигини кўриб-билиб турибмиз. Бу ҳар икки томоннинг манфаатларига ҳамоҳанг. Айрим даврларда мазкур икки давлат ўртасида чуқур таҳлилларни талаб этадиган масалалар юзага келди.  Мамнуният билан эътироф этамизки, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўплаб низоли  масалаларнинг ҳал қилиниши  ҳамкорликнинг қизғин тус олишига  ижобий туртки берди.  Таъкидлаймиз, айнан икки давлат раҳбарларининг  самимий хоҳиш-истаги кўп йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолар  ечими топилишига имкон берди.

Дўстона  муносабатларнинг нечоғли мустаҳкамлиги пандемия даврида яна бир бор синовдан ўтди. Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Қирғизистонга COVID-19 касаллигига қарши курашда сезиларли ёрдам кўрсатди. Ўзбекистоннинг молиявий кўмаги билан 2020 йилнинг декабрь ойи охирларида Қирғизистоннинг Бишкек, Баткен ва Чуй вилоятларида коронавирус билан касалланган беморлар учун учта модулли  шифохоналар очилди. Бундан ташқари, Ўзбекистондан кислород концентраторлари, респираторлар ва бошқа тиббий анжомлар ҳам юборилди.

Шу билан бирга, тан олиш керакки,  баъзи соҳалар бўйича бор имкониятлар ишга солинмаяпти. Бу борада гап кетганда, аввало, Ўзбекистон-Қирғизистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини тилга олиш жоиз. 2016 йилдан буён икки томонлама товар айланмаси ҳажми беш баробарга ошиб,  қарийб 1 млрд долларни ташкил этди. Яъни,  иқтисодий  ҳамкорлик кўлами кенгайиб боряпти, лекин бу кўрсаткичлар йирик иқтисодий салоҳиятга мос келмайди. Прогнозларга кўра  янги имкониятларни ишга солиш, мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш орқали тарафлар  яқин йиллар ичида  товар айирбошлашни икки баробарга оширишлари мумкин. Жумладан,  “Тошкент – Андижон – Ўш - Қашғар” мультимодал йўлагини шакллантириш ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси доирасида агросаноат  мажмуаси, тикувчилик ва тўқимачилик  саноати, қайта ишлаш  саноати, тоғ-кон ва металлургия саноати, транспорт, уй-жой қурилиши, саноат, тадбиркорликни ривожлантириш, энергетика комплекси, сайёҳлик каби йўналишлар бўйича истиқболли  лойиҳаларни ҳам қайд этиш керак.

Олий даражадаги, жумладан, БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти  каби  йирик халқаро ва минтақавий  ташкилотлар доирасидаги мунтазам учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканлигининг яққол тасдиғидир. Мунтазам олиб борилаётган музокаралар чоғида томонлар икки томонлама ҳамкорлик,  хусусан,  сувдан фойдаланиш ва энергетика,  чегараларни делимитация қилиш, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-логистика масалаларини  муҳокама қилиш,  шунингдек,  минтақавий ва халқаро   муҳим масалалар бўйича фикр алмашиш имконига эга бўлмоқдалар.

Хусусан, жорий йилнинг апрель ойида  Шавкат Мирзиёев  Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича эришилган  келишувларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Суҳбат чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг  устувор лойиҳаларини амалга татбиқ қилиш, жумладан,  Ўзбекистон-Қирғизистон  тараққиёт жамғармаси фаолиятини бошлаш, Қамбарота ГЭС-1 ва “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли  қурилиши каби  инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш,  саноат кооперациясини  кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш лозим.

Бизнингча, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси билан боғлиқ ишларга қаратилаётган эътибор “нозик” деб аталадиган масалаларга самарали ва муроса билан  ёндашувнинг яққол намунасидир. Масалан, 2017 йилнинг октябрь ойида  “Ўзбекгидроэнерго” ва Қирғизистоннинг Миллий энергетика холдинг компанияси ўртасида ушбу лойиҳа бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланган эди. Режага кўра,  ГЭС Қирғизистондаги энг йирик Норин дарёсида қурилади. Эътиборлиси, мазкур дарё Ўзбекистон ҳудудида Қорадарё билан қўшилади ва  ундан Сирдарё  бошланади. Бундан ташқари, 2021 йилнинг  март ойида Садир Жапаровнинг Тошкентга  ташрифи чоғида, Шавкат Мирзиёев бундай сермазмун, тарихий учрашув илгари давлатлар ўртасида бўлмаганини таъкидлаб ўтган мулоқотлар давомида  мамлакатларимиз  Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини тайёрлашга келишиб олдилар. Шу тариқа томонлар манфаатлар мувозанатига эришишга муваффақ бўлди, дейиш мумкин – Қирғизистон ҳудудидаги Тўқтағул сув омборида сув сатҳи пасайганда  Ўзбекистон қўшни давлатга электр энергиясини  экспорт қилади, ўз навбатида, юртимизда экинларни суғоришга эҳтиёж кучайган даврда  Бишкек  бу талабни қондиришга ёрдам беради. Қайд этиш керакки, Норин дарёси тоғларда оқади, 3 км дан ортиқ кескин нишабликка эга, бу эса    йилига 36,5 млрд.кВт.соатлик гидросалоҳият демакдир. Илгари бу дарёда Норин тизмаси – Тўқтағул, Қўрпсой, Тошкўмир, Шамалдисой, Учқўрғон ГЭС лари қурилган бўлиб, улар  мамлакатнинг электр энергияга бўлган  эҳтиёжини таъминлайди. Тизманинг энг юқори  қисмида қурилажак  Қамбарота ГЭС-1,  ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 1,8 минг МВт электр ишлаб чиқариши мумкин, бунда ўртача йиллик ишлаб чиқариш 5 млрд кВт соатни ташкил этади. Баландлиги 256 метр, ҳажми  қарийб 5,4 миллион куб метр бўлган тўғон  қурилиши сув оқимини мавсумий тартибга солишга имкон яратади, бу эса гидроэнергетика учун ҳам, Сирдарё вилоятидаги  деҳқончилик  учун ҳам катта аҳамиятга эга.  

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, қиймати қарийб 3 млрд долларга тенг шу каби инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги  келишувларга эришилгани Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганининг ифодасидир. Мамлакатимиздаги   сиёсий партиялар вакилларидан иборат депутатлар корпуси эса Ўзбекистон билан Марказий Осиё, яъни, ташқи сиёсатимизда устувор ўрин тутувчи минтақа  давлатлари ўртасида тузилган турли битимлар, шартномалар амалга оширилишига кўмаклашади.  

 Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

 Ижроия қўмитаси  раиси

  • Кўрилди
    412
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+