Жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизимига ўтиши афзаллиги нимада?

27.04.2022, 16:10

Жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизимига ўтиши афзаллиги нимада?

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам давлат хизматлари кўрсатишда коррупциянинг олдини олиш, бюракратик ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш бўйича катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Давлат хитзматлари кўрсатишда замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомиллардан воз кечиш, инсон омилини қисқартириш, қоғозбозликка барҳам бериш орқали хизматлар даражасини юксалтириш мумкин.

Президентимизнинг 2022 йил 20 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу соҳадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, фармонда аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш ва фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олиш, давлат органлари ахборот тизимида мавжуд маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланган.

Унга кўра, 2022 йил 1 августдан бошлаб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилиши белгиланди. Хўш, бу тизим қандай ишлайди ва унинг афзалликлари нимада, деган савол туғилиши табиий.

Айтиш жоизки, Мобил-ID тизими “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади. Шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан бевосита Марказ ёки нотариал идорага мурожаат қилинганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилади ҳамда Марказ ёки нотариал идора ходими томонидан фуқаронинг юзи рақамли форматда суратга олинади, электрон шаклда қўл бармоғи изи олинади ва мобил телефон рақами Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетга боғланади.

Яна бир қулайлик томони шундаки, мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловасидан фойдаланилганда масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобил телефон рақами Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетга бепул боғланади.

Бевосита Марказлар ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади.

Содда қилиб айтганда, Мобил-ID тизимига бу одамнинг юзи, ундан ҳеч нарсани яшириб ҳам бекитиб ҳам бўлмайди. Ҳамма фаолияти ана шу тизимда мужассам бўлади. Шундай экан, бу тизимга ўтиш орқали бюракратик тўсиқлар, маъмурий сансаларликларга барҳам берилади. Яна бир муҳим ва зарур томони шундаки, қоғозбозликларга чек қўйилади. Зотан, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси амалга оширилаётган экан,  Мобил-ID тизими бу саъй-ҳаракатларни оқилона ва одилана йўлга қўйишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLIDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    339
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+