Олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси энг замонавий тиббий хизматдан баҳраманд бўлади

27.04.2022, 16:13

Олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси энг замонавий тиббий хизматдан баҳраманд бўлади

Тиббиёт соҳасида катта муваффақиятларга эришаётган бўлсакда, олис ва чекка ҳудудлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси бугунги кун талабига жавоб бермайди. Буни очиқ тан олиш керак. Масалан, тоғли ва тоғолди ҳудудлар, қишда қор босиб, автомобиль бориши қийин бўлган олис қишлоқлар аҳолиси учун яратилган шарт-шароитларга ҳавас қилиб бўлмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 18 мартда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқотда бу хусусда фикр билдирди ва бир қатор топшириқлар берди.

 Бинобарин, Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган юртдошларимизга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ҳамда шундай ҳудудларда ишлаётган шифокорларга имтиёз ва енгилликлар бериш белгилаб қўйилган.

Қарор асосида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда 2022 йилда 136 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда 2023 йилда яна 140 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш белгилангани қувонарли ҳол, албатта. Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган таклифларига мувофиқ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил қилинади.

Яна бир муҳим жиҳат ҳақида айтадиган бўлсам, 2022 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилади ва унга кўра, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади. Бундан ташқари ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Қарорнинг яна бир аҳамиятга молик томони шундаки, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берилади. Якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга имконият яратилади. Якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

Бу янгиланишлар ҳақида гапирганда, шуни айтишни истар эдимки, белгиланаётган бу имтиёзлар, енгилликлар ва жорий этилган янгича тартиблар замирида инсон қадри ва халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиши, яхши яшаши учун етарли турмуш шароитларини яратишдек эзгу мақсадлар мужассам. Давлатимиз томонидан элу юртга, халққа шундай ғамхўрлик қилинаётган экан, унга жавобан ҳар бир фуқаро у қайси ҳудудда яшашидан, қайси миллатга мансублигидан қатъий назар шу жонажон юрт равнақига хизмат қилиши керак. Зотан, Янги Ўзбекистонга янгича тафаккур ва ғайрат-шижоат билан қадам қўяйлик!

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси

  • Кўрилди
    572
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Azizbek2022-04-29 09:45:20

Qoʻllab quvvatlayman


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+