Қишлоқ хўжалиги ишларини электрон тарзда кузатиб бориш тизими яратилади

28.04.2022, 16:19

Қишлоқ хўжалиги ишларини электрон тарзда кузатиб бориш тизими яратилади

Жорий йилда Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар маркази ташкил этилиб, уларда 100 дан ортиқ хизматлар йўлга қўйилади. Бу марказларда замонавий лабораториялар қурилади, хорижий мутахассислар келиб ишлаши учун имконият яратилади. Энг муҳими, лойиҳалар бўйича маблағларни бошқариш, ерлар ва экинлар ҳисоби, суғориш ишлари ва ҳосилдорлик электрон тарзда кузатиб борилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 27 апрель куни  қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда таълим сифатини яхшилаш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда бу ҳақда айтиб ўтди. Эътиборли жиҳати шундаки, йиғилишда давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 400 миллион долларлик 580 та янги лойиҳа шакллантирилганини, лекин кредитлар муддати қисқалиги ёки мутахассислар етишмаслиги сабабли уларни амалга ошириш кечикаётганини кўрсатиб ўтди.

Хўш, бу муаммони қандай ҳал қилса бўлади? Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига лойиҳаларни ўзи ишга тушириб, лизинг асосида сотиш ваколати юклатилди. Хусусан, жорий йилда 6 та вилоятда қарийб 2 минг гектар интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиши, жами 115 минг тоннали 17 та кичик агрологистика маркази ишга туширилиши режалаштирилган. Уларни тадбиркорларга тайёр ҳолда, лизинг асосида сотиш бўйича Президент тегишли ташкилотларга топшириқ берди.

Йиғилишда соҳада хизматларни ривожлантириш, экинлар ҳисоби ва сув сарфини онлайн мониторинг қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳар бир вилоят кесимида алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиб, уларнинг ижросини жойида ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантиришда  илм-фанга чуқурроқ ёндашиш зарурлигини таъкидлади. Соҳа учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган Тошкент давлат аграр университетига 17 миллион доллар кредит ва грант жалб қилинган. Бунинг ҳисобига университет лабораторияси 129 турдаги замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланади, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, механизация, озиқ-овқат саноати каби 20 та йўналиш бўйича янги тажриба участкалари ташкил этилади, хорижий мутахассислар жалб қилинади. Аммо соҳа учун ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашга катта эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун олий таълим билан коллеж ва техникумларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш керак. Шу боис мутасадди вазирликларга ўрта махсус ўқув дастурлари, дарсликлар ва амалиёт тизимини соҳа корхоналари талаблари асосида қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди.

Умуман олганда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги муҳим тармоқ ҳисобланади. Президентимиз соҳани янада ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва халқимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплаш ҳақида қайғураётган экан, бу долзарб вазифани барча бўғинлардаги раҳбарлар сидқидилдан бажариши лозим. Зотан, тўкинлик ва маъмурчилик бор юртда барака бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    235
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+