Давлат дастурининг белгиланган муддатларда бажарилиши барча соҳаларнинг жадал ривожланишини таъминлайди

29.04.2022, 10:56

Давлат дастурининг белгиланган муддатларда бажарилиши  барча соҳаларнинг жадал ривожланишини таъминлайди

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат. Эътиборлиси, уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарорлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Дастурда назарда тутилган топшириқлардан 87 тасининг ижро муддати жорий йилнинг биринчи чораги этиб белгиланган. Шундай экан, чора-тадбирлар ўз вақтида ва талаб даражасида, мукаммал  бажариляптими? Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитиш жараёнида шу савол ўртага ташланиб, унга жавоб изланди.

Тақдим этилган ҳисобот, унда келтирилган ҳар бир рақам ва бажарилган иш  халқ ноиблари томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Мамнуният билан эътироф этиш зарурки, ҳисобот даври мобайнида дастурдаги барча устувор йўналишлар бўйича ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, ҳукумат ҳисоботида баён қилинганидек, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари бўйича ҳам талай ишлар амалга оширилди.  Жумладан, Президентимиз ва ҳукуматимиз  томонидан  геосиёсий  вазият  билан боғлиқ хатарлар бўйича  ўз  вақтида кўрилган чоралар натижасида 2022 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,8 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 105,7 фоизни, хизматлар – 106,9 фоизни ташкил қилди. Савдо айланмаси ҳажми 59,1 трлн сўмни ташкил қилиб,
ўтган йилга нисбатан 110,8 фоизга ўсди. Жами бозор хизматлари ҳажми 73,8 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,9 фоизга ошди.  Айни даврда давлат бюджети даромадлари 41,9 трлн сўмга ижро этилди.

Дастурдаги кўламдор вазифалардан бири иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар  ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратишдир. Бу борада ҳам дастлабки уч ойга режалаштирилган  ишлар  тўлиқ бажарилди.  Жумладан, Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ 2022 йилда Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий назорат фаолиятини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, ажратилган субсидия ва эришилган натижалар тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш тартиби, бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикаси
олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Яқинда қабул қилинган тегишли меъёрий ҳужжатлар туфайли мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшилангани ҳам эътиборга молик.

Ана шу ишлар баробарида  саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар ошириш мақсадидан келиб чиқилиб, кимё ва газ кимёси соҳаларини ривожлантириш ва табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга етказиш орқали кимё саноатида
2 млрд АҚШ долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш учун  “Химград” АЖ (Татаристон Республикаси) билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки барпо қилинганини қайд этиш жоиз. Инвестиция йўналишида эса шу йил январь-март ойи якунига кўра  жами қиймати 2 млрд 448 млн доллар бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ёки прогноз кўрсаткич 167 фоизга бажарилди, ўсиш суръати 134 фоизни ташкил қилди.

Сармоя – иқтисодиёт драйвери. Бу борада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётгани қувонарли. Инвестиция йўналишида жорий йил январь-март ойларида жами қиймати 2 млрд 448 млн доллар бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ёки прогноз кўрсаткичи 167 фоизга бажарилиб, ўсиш суръати 134 фоизни ташкил қилди. Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 2 млрд
248 млн доллар ёки прогнозга нисбатан 176 фоизни, ҳукумат кафолати остидаги хорижий кредитлар 201,0 млн доллар ёки прогнозга нисбатан 103 фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, йирик саноат тармоқлари ва ҳудудий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш, рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 бараварга ошириш, қишлоқ хўжалигини илмий асосда жадал ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш ва бошқа кўплаб мақсадлар бўйича ҳам самарали, тизимли чора-тадбирлар амалга оширилгани давлат дастурининг муваффақиятли бажарилаётганидан далолатдир.

Қишлоқ хўжалигини илмий асосда жадал ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказишга қаратилган ишларнинг айримларига тўхталиб ўтиш ҳам мақсадга мувофиқ.

Мамлакатимиз  ҳудудларида суғориш қудуқларини қазиш, ирригация-мелиорация ва бошқа тадбирларни амалга ошириш орқали ерларни фойдаланишга киритиш бўйича манзилли дастурлар тасдиқланди.

2022 йил ҳосили учун республикада жами 1,034 млн гектар майдонда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 4 млн тоннага яқин пахта хомашёси етиштириш белгиланди.

Бугунги кунда очиқ электрон танловларда 55 минг 973 гектар
ер майдонлари 256 минг нафар ғолибга ажратиб берилди.

Шунинг баробарида томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этиш, республикамиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархлар ошиб кетишининг олдини олиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва деҳқонларимиз даромадини камида 2 мартага ошириш мақсадида 5,5 млн та аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил баҳор ойларида аҳоли томорқаларининг 384 минг гектарида (ўтган йилгидан 36 минг гектар кўп) қишлоқ хўжалиги экинлари экиш бўйича “маҳаллабай дастурлар” сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ишлаб чиқилди.

Етиштириладиган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари 6 млн 741 минг тоннани (олдинги йилдагидан 1 млн тоннага кўп) ташкил этиши кутилмоқда.

Жорий йилда 36 та томорқа хизмати кластерларини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғармадан 180 млрд сўм кредит маблағлари ажратилади.

Муайян экин турини етиштиришга ихтисослашадиган туманлар ва йирик маҳаллаларда жорий йилда 2 мингта томорқа хизмати корхоналари фаолияти йўлга қўйилади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан устувор равишда томорқачилик ривожланмаган ҳудудлардаги томорқа хизмати корхоналарига 300 млн сўмгача имтиёзли кредитлар гаров таъминотисиз ажратилади.

Жорий йилнинг биринчи чорагида аҳоли томорқаларида ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 146 мингтани ташкил этиб, бу борадаги ишлар бугунги кунда жадал давом эттирилмоқда.

Фракциямиз Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шунинг баробарида ҳукумат қуйидаги асосий масалаларга алоҳида диққат қаратиши лозим,  деб ҳисоблайди:

  1. Мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни, миллий товар бозорларида мувозанатни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлик масаласини ҳал этиш, ижтимоий инфратузилмаларни яхшилаш.
  2. Хорижий ва ички инвестицияларни жалб қилиш учун жозибадор инвестициявий муҳит яратилишини давом эттириш, жалб этилган инвестициялардан самарали фойдаланиш ва инвестициявий лойиҳалар натижадорлигини таъминлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш.
  3. Миллий иқтисодиёт драйвери бўлган тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни давом эттириш, ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини амалга муваффақиятли татбиқ қилиш.
  4. Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигида тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилишини таъминлаш.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, аҳоли турмуш даражасининг барқарор ўсиб боришини таъминлаш доимо эътиборимиз марказида бўлади, ҳукуматнинг барча саъй-ҳаракатлари шу мақсадга йўналтирилиши лозим.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз:  партиямиз дастурий мақсад ва вазифалари давлат дастури доирасида изчиллик билан амалга оширилаётган кўламдор ва салмоқли ишларга ҳамоҳангдир. Дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан партиямиз ва парламент қуйи палатасидаги фракциямиз депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боряпти, шу билан бирга уларнинг амалга оширилишига муайян ҳисса қўшяпти.  

Хулоса тариқасида шуни айтиш керакки, тақдим этилган ҳисоботда барча муҳим масалалар, эришилган натижалар аниқ-равшан акс эттирилган. Мазкур ҳисобот Давлат дастуридан ўрин олган вазифалар  изчил ва муваффақиятли тарзда ҳаётга татбиқ этиляпти, дея хулоса чиқаришга асос беради.   Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши эса барча соҳалар ўсиши ва ривожланиши, халқимиз фаровонлигининг узлуксиз юксалиб бориши кафолатидир.

 Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

 Ижроия қўмитаси  раиси

  • Кўрилди
    904
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+