Шофирконда пахта ва ғалладан қисқараётган ерларнинг эҳтиёжманд аҳолига тақсимлаб бериш ҳолатлари ўрганилди

29.04.2022, 14:27

Шофирконда пахта ва ғалладан қисқараётган ерларнинг эҳтиёжманд аҳолига тақсимлаб бериш ҳолатлари ўрганилди

Президентнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева–сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти Шофиркон туманида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда эҳтиёжманд аҳоли қатламига 10 сотихдан 1 гектаргача ҳажмдаги экин ерини ўлчаб бериш ва унда бажарилиши лозим бўлган ишлар амалиётига бағишлаб туманнинг “Боғиафзал”, “Жилвон” ҳамда “Пашмон” маҳаллаларида кўргазмали семинарлар ташкиллаштирилди.

Ташкил этилган семинарларда O‘zLiDeP ишчи гуруҳи аъзолари ва бир қатор мутасадди раҳбарлар фаол иштирок этиб, аҳолига бўш ерлардан унумли фойдаланиш, зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш, ер майдонларини ўғит ва сув билан таъминлаш бўйича зарур тавсияларини бериш билан бирга узоқ муддатга ижарага берилаётган экин ерида хўжаликлар томонидан белгиланган шартлар бажарилмаган, ҳосил етиштирилмаган ёки ердан ўзбошимчалик билан бошқа мақсадда фойдаланилган тақдирда, экин ерини олиб қўйиш чораси кўрилиши алоҳида уқтирилмоқда.

Ҳудудда бу йил пахта ва ғалладан қисқараётган экин ерлари ҳисобидан аҳолига 687 гектар ер тақсимлаб берилмоқда. Бунда 275 гектар ерга помидор, бодринг, пиёз, булғор қалампири, карам ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, 185 гектар ерга қовун-тарвуз, лавлаги, қовоқ каби полиз маҳсулотлари, 103 гектар ерга картошка, 82 гектар ерга мош, ловия каби дуккакли маҳсулотлар, яна 41 гектар ерга соя, кунгабоқар каби мойли маҳсулотлар экиб етиштириш талаби қўйилган.

Айни кунда бу борада секторлар миқёсида иш ташкил қилинган бўлиб, ҳар бир маҳаллада тоифаланган ва экин ерига муҳтож фуқаролар рўйхати шакллантирилган. Таъкидлаш жоизки, экин ерига талабгорларни саралашда жойларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилалар билан бир қаторда 2022 йил 1 март санасидан кейин хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига ҳам алоҳида устуворлик берилаётгани мақсадга мувофиқдир. Ажратилган ер майдонларининг тупроқ шароити, ер балл бонитети, сув билан таъминланганлик даражаси, ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда «Бир ҳудуд — бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот етиштиришга асосий эътибор қаратилади.

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    570
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+