Зоминдаги ишчи гуруҳимиз: экотуризм оммалашуви табиатга зиён етказмаслиги лозим

29.04.2022, 15:25

 Зоминдаги ишчи гуруҳимиз:  экотуризм оммалашуви табиатга зиён етказмаслиги лозим

Ажнабий сайёҳлар Зоминга “Ўзбекистон Швейцарияси” дея таъриф-тавсиф беради. Дарҳақиқат, бу масканнинг мафтункор табиати барчани лол қолдиради. Биз бу мўъжизани  кўз қорачиғидек асрашимиз зарур. Шу маънода Президентимизнинг “Жиззах вилоятида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижросини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” шу йил 27 апрелдаги қарори табиат жозибасига лоқайд бўлмаган барча юртдошларимизни севинтирди. Партиямиз ишчи гуруҳи “Табиат мусаффолигини сақлашга барчамиз бирдек масъулмиз!” деб номланган навбатдаги тадбирни айнан Зоминда ўтказгани  ҳам бежиз эмас. (Эслатиб ўтамиз, бу ўринда гап Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг олтинчи устувор йўналиши бўйича партиямиз фаолларидан иборат ишчи гуруҳ тўғрисида кетмоқда). 

Тадбирнинг биринчи қисмида O’zLiDeP Зомин туман кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ибрагимов бошчилигидаги навқирон сафдошларимиз Зомин, Даштобод шаҳарлари ва  “Пешағар” ҚФЙ ҳудудида ўтказилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашдилар. Бу жараёнда дарахтлар оқланди. Гуллар, буталар экилди. Теварак-атроф чиқиндилардан тозаланди. Партия фаолларининг ташаббусидан руҳланган маҳаллий аҳоли ўзлари яшайдиган хонадонлар атрофини тозалаш, ободонлаштириш ишларига киришди.

Табиат бағрида ташкил этилган мулоқотда эса иштирокчиларга Зомин наботот ва ҳайвонот дунёси ҳақида батафсил маълумот берилди.  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси етакчи мутахассиси Замира Абдуллаева қайд этганидек,  бу ҳудудда 700 га яқин ноёб ўсимлик  ўсади. Уларнинг аксарияти фақат шу ҳудуддда сақланиб қолган. Бу ердаги кўпгина ҳайвонлар ҳам Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг “Қизил китоби”га киритилган.

– Зомин миллий боғи,  сиҳатгоҳ ҳамда тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги кўплаб оромгоҳлар  5-6 ой давомида дам олувчилар билан гавжум бўлади, – деди туман ўрмон хўжалиги  мутахассиси Ҳусниддин Ҳазратқулов. – Истироҳат чоғида атроф-муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зиён етказмаслик,  чиқиндиларни дуч келган жойга ташламаслик, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш лозим. Бу борада тарғибот ва назорат ишлари самарали олиб борилишида ЎзЛиДеП фаоллари, депутатлар ўз кўмагини таклиф қиляпти. Албатта, биз ҳамкорлик тарафдоримиз.

Туман кенгаши депутати, ишчи гуруҳ аъзоси Исоқ Азимовнинг фикрича,     табиатга зиён-заҳмат етказилиши бўйича  жавобгарлик кучайтирилиши, айни пайтда табиат мусаффолигини сақлашга интилувчиларнинг рағбатлантирилиши ижобий натижалар беради.

Пировардида тадбир қатнашчилари экотуризм ривожи табиатга, атроф-муҳитга зиён етказмаслиги керак, деган хулосага келдилар. Нафақат дам олувчилар, балки сайёҳларга хизмат кўрсатувчи турли муассасалар ходимлари, тадбиркорлар даромад тўғрисидагина ўйламай, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ишларига ҳам жиддий ёндашишлари даркор. Бинобарин, тушунтириш ва кўргазмали тарғибот ишларини мавсум давомида сусайтирмаслик керак. Депутатлик ва  жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадга мувофиқ.

 Мулоқот сўнгида ўртага ташланган таклифлар умумлаштирилиб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилдиди.

   Пиримқул Нурматов, 

O’zLiDeP Зомин туман

кенгаши аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    430
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+