Барча ислоҳотлар инсон қадри учун

29.04.2022, 16:02

Барча ислоҳотлар инсон қадри учун

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2022 —2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи муҳим стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Зеро, Тараққиёт стратегиясининг 100 та мақсадидан 34 таси айнан тўртинчи устувор йўналиш бўлган адолатли ижтимоий сиёсатни юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.

Ушбу йўналиш доирасида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан муҳокама қилинган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботидан кўриш мумкинки, мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган бўлиб “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Бу йилги Давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат бўлиб, уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарорлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 трлн сўм ва 11,7 млрд долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Дастурда белгиланган вазифалар кўлами ва топшириқлар сонидан келиб чиқиб, шунингдек, унинг бажарилишини чуқур таҳлил қилиш ҳамда ижросини таъминлаш ишларини тўғри ташкил қилиш мақсадида Давлат дастурининг 398 та банди топшириқлар кесимида 607 та яхлит ва кичик бандларга тақсимланган.

Хусусан, дастурнинг адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналиши бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида жами 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ижтимоий соҳадаги бандлар ижросини таъминлашга ҳуқуқий асос бўлди. Шу билан бирга, дастур ижроси доирасида миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш соҳасидаги устувор йўналишларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Биринчидан, мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баравар қисқартириш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Жумладан, норасмий ишлаётган 450 минг нафар фуқаролар бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси томонидан 774 та ташкилотларда норасмий ишлаётган 2 минг нафар яқин фуқарони бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилди.

Натижада уларнинг меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, уларга иш ҳақи ҳисоблаш, иш ҳақидан солиқлар ва ижтимоий тўловлар тўланишига амалий ёрдам кўрсатилди. Масалан, Бухоро вилоятида жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида 8,6 минг та яширин иш ўринларини легаллаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 8,7 минг та яширин иш ўринлари легаллаштирилди.

Иккинчидан, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритиш бўйича амалга оширилган ишлар салмоғи ҳам ниҳоятда кенг. Биргина фуқароларни хорижий меҳнат миграциясига ташкиллаштирилган тарзда юборишни ташкил этиш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳудудлар кесимида “йўл харита”си тасдиқланди.

Бунда, 60 минг нафар вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларни хорижга ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш, 20 минг нафар вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғини суғурталаш полислари харажатларини қоплаб бериш белгиланган. Қолаверса, 10 минг нафар вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш бўйича 2022 йилга мўлжалланган прогноз параметрлари кўзда тутилган.

Ҳисобот даврида 3 618 нафар фуқаро ташкиллаштирилган тарзда хорижий давлатларга ишлаш учун юборилди, хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетаётган 7 148 нафар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғи субсидия маблағлари ҳисобидан суғурта қилинди. Шунингдек, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган 513 нафар фуқарога хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун 10 млн сўмгача имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

Учинчидан, пандемияларга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида коронавирус қайтадан тарқалишининг олдини олиш ҳамда унинг иқтисодиёт ва инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш бўйича “Темир дафтар”га киритилган 616,1 минг оила, уларнинг 2,6 млн. нафарга яқин аъзоларининг 691,4 минг нафари меҳнатга лаёқатли ишсизларни бандлигини таъминлаш орқали 588,5 минг оила “темир дафтар”дан чиқарилди.

Эътиборлиси, ушбу дафтарга киритилган оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш мақсадида 100 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди. 34,5 минг нафар фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилиб, 22,7 минг оилаларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредит ажратилди. 399,4 минг нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиши таъминланган ҳолда, 80,5 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалигида ҳамда 73,4 минг нафар фуқароларнинг бошқа йўналишларда бандлиги таъминланди.

Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги мавжуд ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 16,1 мингта боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар, 31,2 мингта ногиронлиги мавжуд ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, уй-жойини таъмирлашга муҳтож ногирони бор 2,1 мингта оилаларнинг 1,7 мингтасининг уй-жойи таъмирлаб берилди.

Умуман олганда, дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда ҳаммамиз фаол бўлишимиз, унга аввало, халқни рози қилиш, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш ҳамда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилгани нуқтаи назаридан ёндашишимиз мақсадга мувофиқ.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    422
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+