Органик маҳсулотлар жаҳон бозорида мамлакатимиз муносиб ўрин эгаллаши учун пухта ҳуқуқий асос яратилди

03.05.2022, 15:16

Органик маҳсулотлар жаҳон бозорида мамлакатимиз муносиб ўрин эгаллаши учун пухта ҳуқуқий асос яратилди

Шу ҳафтада давлатимиз раҳбари “Органик маҳсулотлар тўғрисида” ги қонунга имзо чекди. Бу республикамиз аграр соҳаси, умуман, иқтисодиётимиз учун улкан аҳамиятга молик воқеадир.  

Зеро, кейинги йилларда органик қишлоқ хўжалиги – жаҳон тренди. 
Қуйидаги рақамлар ҳам буни тадиқлайди: 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд еврони ташкил этган.  71,5 млн гектар майдонда 2,8 млн ишлаб чиқарувчи мазкур фаолият билан шуғулланган. Экспертларнинг айтишича, дунё органик маҳсулотлари бозори 2016 йилдан бошлаб ҳар йили ўртача 15 фоиздан ўсяпти.  2022 йил якунида унинг савдо айланмаси 212 млрд АҚШ долларини (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи) ташкил этиши прогноз қилиняпти.

Бу йўналишда мамлакатимиз катта салоҳиятга эга эканини таъкидлаш жоиз. Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) ва Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати халқаро федерацияси (IFOAM)нинг жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилдаги нашрида Ўзбекистон Республикаси мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга  дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган ва юртимизда органик мева ишлаб чиқариш учун қулай ер майдонлари кўплиги қайд этилган.

Эътиборлиси, бундай амалиёт қишлоқ хўжалигимиз учун янгилик эмас. Мамлакатимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланган. Бу услуб эса озуқавий қиймати юқори, ўзига хос таъмга эга  органик (экологик тоза) мева ва сабзавотларни етиштириш имконини беради. Бу анъаналар ҳозир ҳам кенг қўлланиляпти. Масалан, республикамизда фаолият юритувчи “Sunny Fruit Production” хусусий корхонаси  2017–2019 йилларда жами 1 минг 848 тонна органик майиз етиштириб, анъанавий майизга нисбатан 14,7 фоиз қимматроқ нархда Россия Федерацияси, Франция, Германия, Голландия, Италия ва Грецияга экспорт қилган.

Мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит мавжуд. Кимёвий моддалардан холи экин майдонлари мавжудлиги, томорқа хўжаликларида етиштирилган органик маҳсулотларни экспорт қилиш орқали аҳоли даромадини ошириш, бу йўналишда агрокластер, логистика ва кооперация тизимларини ривожлантириш ёрдамида аҳоли бандлигини ошириш шулар жумласидан. Шунингдек, лабораториялар, назорат ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини таҳлил қилиш имконияти ҳам бор.

Бир неча кун аввал кучга кирган қонун соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали мавжуд салоҳиятдан унумли, оқилона  фойдаланиш  имконини беради.

Шу ўринда қонунда белгиланган нормалар нималарга хизмат қилишини батафсилроқ баён қилиш мақсадга мувофиқ.

Қонун, аввало, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда соҳа фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси яратилишига имкон беради.

Иккинчидан, аграр ишлаб чиқаришда бозор муносабатларини ташкил этишнинг ишончли ва истиқболли шакли ҳисобланган органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизими янада ривожланишига йўл очади.

Учинчидан, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимида тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан, ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчигача бўлган тизимни такомиллаштириш имконини яратади.

Тўртинчидан, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва географиясини кенгайтириш билан бир қаторда фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли даромадини ошириш учун зарур шарт-шароитни вужудга келтиради.

Бешинчидан, юқори сифатли экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳажмининг ортиши ва натижада атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига салбий таъсирлар камайишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, органик маҳсулотлар етиштиришнинг асосий принциплари, бу соҳани давлат томонидан тартибга солиш қоидалари, унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолияти кафолатлари ўз аксини топган мазкур қонун органик маҳсулотлар жаҳон бозорида мамлакатимизнинг муносиб ўринга эга бўлиши, халқимиз   фаровонлиги юксалишига хизмат қилади.

 Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

 Ижроия қўмитаси  раиси

  • Кўрилди
    570
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+