Ҳар бир инсоннинг бахти иқболи - жамият тараққиётининг гаровидир

05.05.2022, 15:12

Ҳар бир инсоннинг бахти иқболи - жамият тараққиётининг  гаровидир

Жамиятда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, янгиликлар, авваламбор, инсонлар онги шуурида, дунёқарашида акс этади ва шу аснода уларнинг ҳаётга, бугунги кунга бўлган муносабатини белгилаб беради.

Бугун юртимизда жорий қилинган “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва шу каби бевосита аҳоли дарду ташвишини, муаммоларини бартараф этишга қаратилган бошқа иш усуллари, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, тамойилининг кундалик турмушимиздан мустаҳкам ўрин олиши, “Ҳар бир инсоннинг қадри бор!”, деган эзгу тушунча одамлар қалбидан жой олгани юртдошларимизнинг ўтаётган бугунги кунларидан рози бўлиб, эртанги кунларига ишонч билан қарашига мустаҳкам замин тайёрламоқда. Қолаверса, бу тушунчалар, амалга оширилаётган ишлар халқимизнинг асрий анъана ва қадриятлари билан ҳамоҳангдир.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Жорий йилнинг 29 апрель куни Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда юртимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган янада кенг имкониятлар белгиланди. Одатда Ўзбекистон деган сўз, “Ёшлар мамлакати” деган ибора билан бирга тилга олинади. Бироқ, юртимизда 3 миллиондан ортиқ нуронийлар ҳам кексалик гаштини сурмоқда. Хонадонимиз фаришталари, дуогўйларимиз, ҳар бир ишда маслаҳатгўйимиз бўлган кексалар  юртимизда ижтимоий эътиблорда. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги орқали уларга ғамхўрлик қилиш, саломатлигини асраш эътиборга олинган.

Йиғилишда ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ҳар йили санаторийларда даволаниши, кам таъминланган нуронийларнинг дори-дармон ва ортопедия мосламалари, жарроҳлик амалиётлари харажатлари давлат томонидан қоплаб берилиши қайд этилди. Кексаларнинг спорт билан шуғулланиши, театр ва музейларга бориши, юртимиз бўйлаб саёҳат қилиши учун енгилликлар белгиланди.

Эҳтиёжманд аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида  пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида Президент фармони имзоланди. Бу орқали 4 миллион 100 минг аҳоли хонадонига қўшимча маблағ кириб боради.  Шунингдек, энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади.

Бундан ташқари, “Хотира ва қадрлаш куни” муносабти билан 9 май арафасида уруш қатнашчиларига 15 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти берилади.

Эндиликда, ногиронлиги бўлган кексаларга алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, аввал ишламаган, “Саховат” уйларидаги яшовчи мингга яқин кишига ҳозир ҳеч қандай тўлов йўқ. Энди уларга ҳам шахсий ҳаражатлари учун қарилик нафақасининг 20 фоизи тўлаб берилади.      Ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими ҳам кенгайтирилиши маълум қилинди.

Ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилади. Улар касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига шу борада топшириқ берилди.

Ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари ходимларига ойлик тўлаш учун давлатдан субсидия ажратилади. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни тўлиқ таълимга жалб этиш мақсадида “Нурли маскан” мактабларида янги ўқув йилидан қўшимча 850 та ўқув хонаси ва 1 минг 200 та ётоқхона ўрни ташкил этилади. Давлат буюртмаси асосида, ушбу мактаб кутубхоналари Брайль ёзувидаги дарслик ва ўқув қўлланмалари, бадиий адабиётлар билан таъминланади.

Бундан ташқари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат ва кийим-кечак хариди учун 10 миллион сўмдан ажратиш амалиёти нодавлат олийгоҳларда ҳам жорий этилади.

Президентимиз маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаб, уларга кўмаклашиш тажрибасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Унга кўра, хотин-қизлар фаоллари ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан бирга ҳар бир хонадонга кириб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга эҳтиёжни аниқлайди. Бу хизматлар ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини ташкил қилади. Мураккаб тиббий операцияларга муҳтожлар бепул даволанади.

Бугунги кунда норасмий секторда аёллар улуши 57 фоизни ташкил қилмоқда. Тўғрисини айтиш керак, кўплаб иш берувчилар ҳомиладорлик нафақасини тўламаслик учун аёлларни расмий ишга олмасликка ҳаракат қилади.   Шу боис 2022 йил сентябрдан бошлаб, туғруқ таътили тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тартиби йўлга қўйилади.

Эътиборлиси,эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтьириш борасидаги бу улкан ишларнинг барчаси моддий таъминланади.

Гувоҳи бўлганингиздек, давлатимиз томонидан эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Керакли шарт-шароитлар яратилмоқда.   Бироқ, меҳр- оқибат туйғулари фақатгина моддият билан боғлиқ эмас. Меҳр кўзда, дейди халқимиз. Яқинлар, маҳалладошлар, кексалар ҳолидан доимо хабардор бўлиш, кези келганда бир оғиз ширин сўз билан уларнинг кўнглини кўтариш, дуосини олиш ҳам фарз, ҳам қарз.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари, одамларнинг дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси эканини унутмасликни, бундай эзгу иш услуби барчамизнинг нафақат хизмат вазифамиз, виждоний бурчимизга айланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Эркин ХОЛМАТОВ,

OzLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

OzLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    372
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+