Сенатор ва депутатлар фахрийларни йўқлаб борди

10.05.2022, 16:13

Сенатор ва депутатлар фахрийларни йўқлаб борди

Юртимизда 9 – майни “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонлаш, ўтганларни хотирлаш, кекса фидойи инсонларни эъзозлаш эзгу анъанага айланди. Шундай кунда уруш майдонларидан қайтмаган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳ покларига ҳурмат бажо келтирамиз. Жанг майдонларида мардлик, жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва бугун орамизда соғу саломат юрган фахрийлар эъзозланади.

Бу даҳшатли уруш бутун инсоният қатори, ўзбекистонликларга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келди. Ўша пайтда юртимизда яшовчи аҳолининг аксарияти урушга жўнатилган. Таассуфки, шулардан кўпчилигига уйга қайтиш, ғалаба нашидасини суриш насиб этмади. Наманган вилоятида 9 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бугун орамизда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси фаоллари, партиядан сайланган халқ ноиблари шу кунларда она Ватанимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги осуда ҳаёти учун жонини қурбон қилган ҳамюртларимизни хотирлаб, кекса отахону онахонлар ҳолидан хабар олмоқда.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган шаҳридаги “ANAMED” диагностика маркази директори Носирбек Абдуллахонов шу йилнинг 29 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида хайрли ишга қўл урди.

Сенатор O’zLiDeP Наманган вилояти кенгаши ходимлари ҳамроҳлигида Янги Наманган туманидаги Мингчинор маҳалласида хайрия ишларини амалга оширди. Унда асосий эътибор Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт орти заҳматкашларини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Уруш ва меҳнат фахрийси Галина Алексеевна Бадоченкова ҳолидан хабар олинди.

Икки асрга гувоҳ бўлган Мирзараҳмон бобо Абдураҳмонов Поп туманидаги Чоркесар маҳалласининг пиру бадавлат кишилардан биридир. 100 ёшни қарши олган нуроний Иккинчи жаҳон уруши қирғинбаротларини бошидан кечирган.

Отахонни байрам муносабати билан маҳаллий ҳокимлик, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари йўқлаб бориб, улардан ҳол-аҳвол сўрамоқда. Уруш ва меҳнат фахрийси ЎзЛиДеП Наманган вилояти кенгаши, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Nuran.Uz” мева-сабзавотчилик кластери раҳбари Анвархон Қодиров томонидан уюштирилган йўқловдан мамнун бўлди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлари, “Art Soft Holding” компанияси таъсисчилари ака-ука Олимхон ва Ғиёсиддин Бобохоновлар ташаббуси билан Наманган шаҳридаги Маданий, Шаршара, Гулпора, Соҳибкор, Ойдинкўл, Чинор ва Шарқ тонги маҳаллаларида яшовчи фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда байналмилалчи жангчилар хонадонларига йўқловлар уюштирилиб, уларга совға-саломлар топширилди. 
– Бугунги дориломон кунларга етказганига шукр, биз кўрган кунларни сизларга асло раво кўрмайман, – дейди “Маданий” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган фахрий Абдуқаҳҳор Мадаминов. – Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада фаровон бўлаверсин.

Шунингдек, O’zLiDeP фаоллари халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Наманган шаҳридаги "MEXMASH" масъулияти чееланган жамияти директори Зокиржон Ходжаев билан биргаликда вилоят марказидаги Маърифат маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 98 ёшли Николай Федорович Борисов хонадонига борди.

Янги Ўзбекистонни бунёд этишда фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари, шубҳасиз, биз учун ибратдир.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

  • Кўрилди
    406
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+